Мирзиёев ва Трамп телефон орқали суҳбатлашди
(last modified Wed, 20 Dec 2017 06:32:36 GMT )
декабр 20, 2017 11:32 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев
    Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари пезиденти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.

Икки давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг 2017 йил май ойида Ар-Риёз шаҳрида ва жорий йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувлари сиёсат ва хавфсизлик, савдо, инвестиция, молия, технологиялар соҳаларида ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашишига хизмат қилмоқда

Шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари Афғонистонни иқтисодий тиклашда уни халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этдилар. Шу маънода Афғонистон президентининг декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган муайян лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги келишувларга юксак баҳо берилди.