Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги
Ўзбекистон республикасида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрам сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилганига 26 йил бўлди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “ Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон республикасида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрам сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилганига 26 йил бўлди. Ўзбекистон Мустақилликка эришганига эндигина бир неча кун бўлганида, яъни 1991 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Ҳарбий комиссариатлар республика бўйсунувига ўтказилиб, собиқ иттифоқ армиясига аскар юбориш тўхтатилди. 1992 йил 14 январь куни эса мамлакат ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. 1993 йилда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Иттифоқда хизмат қилаётган аскарлар Ўзбекистонга қайтарилди. Ўзбекистон конституциясида мамлакат Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, халқнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинди. 2018 йилнинг 9 январ кунида Ўзбекистон президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги Мудофаа доктринаси тасдиқланди. Ўзбекистон дунёда доимий равишда чоп этиб келинаётган армиялар ҳақидаги маълумотномаларда, дунёнинг етакчи институтлари Ўзбекистон армиясини МДҲ давлатлари орасида жанговор қобилияти энг юқори армиялардан бири деб баҳоламоқда. Мисол учун, 2017 йилда Глобал Файрповер – Global Firepower нашри дунёнинг энг қудратли армиялари рейтингини тузди. Рейтингга дунёнинг 133 давлати кирди. Унда Ўзбекистон 133 мамлакат ичида 48-ўринни эгаллаб, Ўрта Осиёда энг қудратли армия номини олди. Бу рейтингда Марказий Осиёдаги энг кучли армия Ўзбекистон армияси экани кўрсатилган. “Ҳарбий тайёргарлик жиҳатдан энг кучли давлатлар рейтинги”да биринчиликни АҚШ эгаллаган. Иккинчи ўрин – Россияга, учинчи ўрин эса – Хитойга берилган.
Ушбу рейтингда Ўзбекистон республикаси МДҲ давлатлари орасида Россия ва Украинадан кейин 3-ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлди. Қозоғистон армияси рейтингда 55-ўрин, Туркманистон — 86, Қирғизистон — 108, Тожикистон —112-ўринда жойлашди. Рейтингни тузишда 50 га яқин турли омиллар, жумладан қўшинлар сони, қуруқлик, ҳаво ва денгизда жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган ҳарбий техника миқдори ҳисобга олинди. Шу билан бирга, мамлакатлар қурол-яроғга сарфлаши мумкин бўлган иқтисодий манбалар ва рейтинг иштирокчиларининг географик жойлашуви ҳам инобатга олинди. Рейтингда ядро қуроллари ва мамлакатнинг сиёсий-ҳарбий етакчилиги ҳисобга олинмаган. Нашрнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон армиясида 420 та танк, 700дан ортиқ зирҳли техника, 166 та самолёт шундан 69 таси қирувчи 89 та эса бомбардимончи самолёт, 49 та транспорт самолётлари, 65 та оддий ва 25 та жанговор вертолётлар, 143 та ўзи юрар қурилмалар, 880 та артиллерия қуроллари, 109 та бараварига ўқ отувчи қуроллар бор. Армияда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни ташкил этади. Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари амалда собиқ иттифоқ даври техникасидан тузилган. Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари таркибидаги энг замонавий самолёт Су-27 ҳисобланади. Очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги аэродромларда 12та шундай қирувчи самолёт жойлаштирилган.
Ҳарбий ҳаво кучлари таркибида МиГ-29 русумли 10та қирувчи самолёт, Су-24 русумли 20та штурмовик ҳам бор. Ўзбекистон қисқа муддат ичида 600 минг кишини қуроллантириши мумкин яъни захирадаги ҳарбий хизматчилар ҳисобига. Ўзбекистон армиясида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизмат 12 ой ва шартнома асосида хизмат тизими мавжуд. Муддатли ҳарбий хизмат ўтиш шартлари жиддий равишда ўзгартирилди. 2003 йилда унинг муддати 18 ойдан 12 ойгача қисқартирилди. 2008 йилдан эса ҳарбий хизматга чақириш йилига бир мартотаба феврал – март ойларида амалга ошириладиган бўлди. Ўзбекистон Қуролли кучлари 3 таркибий қисмдан иборат: қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий-ҳаво кучлари ва флот. Бундан ташқари, республика қуролли кучлари Миллий гвардия, чегара хизмати ва махсус жангчиларни ўз таркибига олган. Ўзбекистон денгизларга тўғридан-тўғри чиқа олмайди. Шу туфайли республика флоти ҳарбий-дарё кучлари мақомида. Флот таркиби «Шмель» ва «Гюрза» катерларидан иборат. Тошкент Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси эмас, лекин Россия билан ҳам, Ғарб давлатлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилади. Ўзбекистонлик зобитлар турли мамлакатларда ўқув амалиётларини ўтайди.
1990 йиллар бошидаёқ Ўзбекистонга таҳдид солаётган асосий хавф бу – Афғонистон ҳудудидаги террорчи ва экстремистик гуруҳлар бўлган эди. Вазиятни мураккаблаштирирувчи ҳолатлардан бири бу Ўрта Осиё мамалакатлари ва Афғонистон чегарасининг катта қисми – тоғли ҳудудларда жойлашганлиги бўлди. Айни пайтда ҳам Афғонистон шимолида ўз сафини кенгайтираётган ИШИД террорчилик гуруҳи ва Толибон гуруҳи ҳам Ўзбекистон учун асосий таҳдид ҳисобланади ва ушбу экстремистик гуруҳлар Ўзбекистон чегарасига хавф солиши эҳтимоли ҳам юқори бўлиб турибди. Бундан бир қанча олдинроқ, Ўзбекистон расмийлари Афғонистон шимолида ИШИД террорчилик гуруҳининг жойлашиб олиб ўз сафларини кенгайтиришидан хавотир олаётганини маълум қилишган эди. Лекин расмийлар ИШИД террорчиларининг Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиб, мамлакат ичкарисига тажовуз қилиб киришларига имкон ва рухсат бермасликларини қатъий тарзда эълон қилишди. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон чегарасидаги кескин вазиятни бартараф этиш ва таҳдиларга қарши курашиш учун Ўзбекистон давлати хавфсизлик ва мудофаа соҳасига катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон президентининг 2017 йил апрель ойи бошида Москвага ташрифи вақтида яқин йиллар ичида Россия Ўзбекистонга бир неча миллиард долларлик қуроллар етказиб бериши бўйича келишувга эришди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.