Мирзиёев: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга туҳматлар ва ғийбатлар кӯп бӯлган (ВИДЕО)
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақидаги ўз хотиралари билан бўлишди. Бу ҳақдаги лавҳа «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида намойиш этилган.
«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини жуда ҳурмат қилардим, кўп учрашиб юрардим. Шу одам жуда кўп китоб ўқиган инсон эди. Менинг ўзим улар билан мулоқотда кўп бўлганман. Улар «Китоб ўқимаган одамнинг руҳияти ҳам, келажаги ҳам, умиди ҳам йўқ», дердилар. У одам араб тилини жуда мукаммал билар эди. Албатта, Имом Ал-Бухорий, Мотуридий, Ат-Термизий ҳақида гапирамиз. Лекин мустақил Ўзбекистонга ҳам шундай одам жуда керак бўлган, бу одам жуда ақлли бўлган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий лавозимида ишлаганлар. Ўша пайтда Собиқ Иттифоқдан Ҳажга энг кўпи билан 20 инсон борган, лекин Ўрта Осиё ва Қозоғистондан 1990 йилда 500 нафар мусулмонни Ўзбекистондан жўнатишга ўзлари ҳаракат қилган. 90-йиллари Саудия подшоҳлигига ўзи бориб, 1 миллионта Қуръонни олиб келтирган. Ҳаёт бешафқат бўлади деганларидек, у одамга ҳам туҳмат, ғийбатлар кўп бўлган. 1993 йилда у одам кўчиб кетишга мажбур бўлади. Саудия Арабистонида яшаганлар, кейин 1994 йил Ливияга бориб, 2001 йилгача ўша ерда мусофирчиликда яшаб, кўп китоблар ёзганлар.
Очиғини айтсак, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга ўхшаган буюк одамлар ҳозир етишмаяпти. Қуръонни ўқиган ва уни илмий билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. У одамнинг билганини анча-мунча одам билмасди. Бундан ташқари, у одам кам ухлаб, кўп ёзиб, ўқир эди. Ҳар куни икки соат спорт билан шуғулланар эди. Биз мана шундай буюк одамларимизни тараннум қилсак кам бўлмаймиз. Китобларни араб, форс тилларидан ўзбек тилига таржима қилдирган одам улар. Қани бизда ҳозир шунақалар? Менга кўп ният қилар эдиларки, «Қани энди бизнинг давлатда ҳам яхши масжид бўлса-да, нурли исломни мен тушунтирсам», деб. Шунинг учун янги барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилади, у ерда музей ташкил қилинади», - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 9 февраль куни Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилиши хабар қилинганди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ҳам ташриф буюрганди.