Президент қарори: Боғча ходимлари маоши оширилади
Боғча ходимлари маоши оширилади, айрим ҳудудларда боғча тўловлари пасайтирилади. Ҳужжат матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари айрим тоифаларининг 2018 йил 1 мартдан бошлаб – мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 30 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 20 фоизга, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 10 фоизга табақалаштириб оширилади.
2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилда ушбу қарорга мувофиқ давлат таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини ошириш бўйича қўшимча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштирилишини таъминлаб, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутади, давлат мактабгача таълим муассасаларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармасини шакллантиришга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қатъий равишда 15 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар ажратилишини таъминлайди.