Тошкентдан Москвага 100 долларга учиш мумкин бўлади
Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ўзининг арзон чиптали авиа ширкатини барпо этмоқчи.
Бу ҳақда "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов Халқаро Пресс-Клубда хабар берган.
Жаҳон тажрибасида инглиз тилидаги low cost - нархи паст сўзларидан фойдаланган ҳолда бюджет авиакомпанияларини лоукостерлар деб аташади.
"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкати раҳбари ўринбосари Умид Ҳусанов Ўзбекистондаги илк лоукостер авиакомпанияни ташкил этиш ишлари жорий 2018 йили ҳал бўлиши мумкин деб айтган.
Жаноб Ҳусанов сўзларига кўра, ҳозир миллий авиакомпания мутахассислари бу борадаги халқаро тажрибани, хусусан, Россиянинг "Аэрофлот" ширкати ва "Аэрофлот" лоукостери "Победа" ширкатларининг тажрибасини ўрганмоқдалар.
Жаноб Ҳусановнинг айтишича, арзон нархли ҳаво ширкати чиптаси баҳоси турли омилларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Умид Ҳусанов ушбу омилларнинг барчаси ўрганиб чиқилиб Тошкент-Москва самолёти билети 100 АҚШ долларини ташкил этиши мумкин, деган фикрни билдирган.
Лоукостер Россия, Туркия ва Мисрдан сайёҳларни жалб қилишга кўпроқ эътибор қаратилиши айтилди.
Шунингдек, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" Наврўз кунлари Ўзбекистон ичкарисидаги йўналишларда чипталар нархини 30 фоиздан 50 фоизгача арзонлаштириши ҳақида эълон қилган.
1 март куни Тошкент аэропортида янги терминал фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида эълон қилинди.
Яқин икки ой очида барпо этиладиган янги терминал соатига 500 йўловчига хизмат кўрсатишга қодир бўлиши айтилмоқда.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этишга жиддий киришган, 10 февралдан 7 мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз келишлари, 30 кун бўлишларига рухсат берилди.
Ушбу эълон ортидан Исроилдан Ўзбекистонга 6 ойлик самолёт чипталарининг ҳаммаси сотиб бўлингани хабар қилинди.