Ўқитувчи Диана фожиасини ёритган журналист ўлим таҳдиди олди
(last modified Tue, 27 Mar 2018 06:29:19 GMT )
март 27, 2018 11:29 Asia/Tashkent
  • Ўқитувчи Диана фожиасини ёритган журналист ўлим таҳдиди олди

Самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод Facebook даги саҳифаси орқали каттақўрғонлик ёш педагог Диана Еникеева ўлимини ёритганидан сўнг босим ва таҳдидларга учраётганини ёзди.

Каримберди Тўрамуроднинг BBCUZBEK.COM га айтишича, Диана фожиасини ёритганидан сўнг турли идораларнинг босимларига дуч келган.

"Аввало, турли идоралардан ўзим ёзган мақолага раддиялар ёзишни талаб қилишди. Мақоладаги Президентга мурожаат қисмини олиб ташлашимни мендан ва сайт раҳбариятидан талаб қилишди. Биз бунга рози бўлмадик. Шундан сўнг айрим идоралар ҳеч бўлмаса бундоқ қилиб ёзинг, юмшоқроқ нарса эълон қилинг деган "таклифлар" бўлди", - дейди у.

Журналистнинг айтишича, унинг телефон рақамига ярим тунда турли одамлар телефон қилиб таҳдид қилишган.

"Ўқитувчиларни ҳимоя қиладиган сенми, онангни, хотинингни палон қилайин деган ҳақоратлар бўлди. Мана шу номердаги машинада юрасизми, эҳтиёт бўлинг кўчада аварияга учрашингиз ёки Камаз остида қолиб кетишингиз мумкин деб қўрқитишди", - дейди Каримберди Тўрамурод.

Журналистнинг айтишича, ҳокимиятдан бир одам вилоят ҳокими Туробжон Жўраев журналистга нисбатан провакация тайёрлаётганини ва эҳтиёт бўлиб юриш билан огоҳлантирган.

"Шундан сўнг кўп қаватли уйимизга ички ишлар бошқармасидан икки ходим келиб, домкомдан мен ҳақимда маълумот сўрашибди. Кимлар олдимга келиб кетиши билан қизиққан. Унга келиб кетганимиз ҳақида Каримберди аканинг ўзига айтиб юрманг, дейишган", дейди у.

Журналист бундан 3 кун олдин пешин намозини ўқиш учун масжидга кетаётганида бир машинанинги атайин келиб босиб кетишга ҳаракат қилганини айтади.

"Пешин намозига пиёда бораман, деб уйимдан чиқишим билан шу атрофда пойлаб турган шекиллик, рақамсиз оқ нексия машинаси шиддат билан устимга ҳайдади. Мен кўчанинг четидаги ариқчадан сакраб ўтишга улгурдим. Машинанинг ўзи ҳам ариқчага тушиб кетишига озгина қолди. Катта тезликда ҳайдаб кетиб қолди. Ким борлигини ҳам пайқамай қолдим. Шундан сўнг хавотирга тушдим. Демак, жиддий шекиллик, бу таҳдидлар қуруқ сўз эмас экан деб хавотирга тушдим", - дейди Каримберди Тўрамурод.

У ўзига нисбатан бир кор-ҳол бўлган тақдирда бунинг олдиндан режаланган бир иш сифатида қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

 

Ёрлиқ