Ўзбекистон ва Жаҳон банки Digital CASA лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда.
(last modified Fri, 13 Apr 2018 14:02:06 GMT )
апрел 13, 2018 19:02 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Жаҳон банки Digital CASA лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда.
    Ўзбекистон ва Жаҳон банки Digital CASA лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхўжаев Жаҳон банкининг Транспорт ва рақамли ривожланиш бўйича халқаро амалиёт бўлинмаси директори Франс Дриз-Гросс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган Digital CASA лойиҳаси юзасидан фикр алмашдилар. Мазкур лойиҳа мамлакатда рақамли технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, «электрон ҳукумат» тизимларини жорий қилиш ҳамда рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни кўзлайди. Ўзбекистон томони меҳмонларни ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, хусусан телекоммуникация инфратузилмасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан таништирдилар.

Марказий ва Жанубий Осиёни ягона рақамли хабга боғлайдиган ва трансчегаравий телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган Digital CASA денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларга Интернетга тезкор уланиш, шунингдек, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишига хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳанинг амалга оширилиши давлатнинг иқтисодий салоҳиятининг ошиши, аҳолига сифатли электрон хизмат кўрсатилиши, янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади. Мазкур стратегик мақсадга эришиш учун Digital CASA ҳудудий лойиҳаси Интернет тезлигини ошириб, хусусий сармояларнинг давлатнинг рақамли инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтиради. Ўзбекистон томони лойиҳадан кутаётган натижалар хусусида маълум қилиб, Жаҳон банки билан истиқболдаги ҳамкорлик юзасидан таклифларини баён қилди.

Томонлар истиқболда иккитомонлама манфаатдор ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашишга келишиб олдилар.