Абдулазиз Комилов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хвани қабул қилди
-
Абдулазиз Комилов
18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашди.
Кун.уз сайтига кўра, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартибидаги долзарб масалалар, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Авваламбор, 2017 йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг самарали саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бўйича давлат раҳбарларининг қабул қилган Қўшма баёноти, ташриф чоғида имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги икки томонлама қатор ҳужжатлар Ўзбекистон-Жанубий Корея мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди.
Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини яна бир бор таъкидлаб, ушбу соҳалардаги аниқ қадамларни кўриб чиқдилар.