Паспорт столларида ур-йиқит бошланди
Эски паспорт муддати тугашига 1 ой қолди.
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски (нобиомтрик) паспортларнинг амал қилиш муддати тугаши, шу муддат ичида эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасиогоҳлантируви ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.
Расмийларга кўра, 1 июлгача эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар уч минимал ойлик миқдоригача жаримага тортилиши мумкин.
“Бошлиқ кондиционерлик салқин хонада ўтириб оддий халққа қўполлик қилмоқда. Оддий халқ паспорт алмаштириш учун иссиқ дим коридорларда навбат кутишга мажбур”, - деб ёзади Тошкент туманида паспорт олишга навбатга турган муштарий.
Нафақат Тошкент вилояти, балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидаги Паспорт бўлимлари бинолари олдида шу кунларда турнақатор навбатлар юзага келган.
- Навбатга 69-инчи бўлиб ёзилдим, - дейди Тошкентнинг Учтепа тумани паспорт столида навбат кутаётган 32 ёшли тошкентлик Тоҳир, - агар аризамни бугун топширсам, бир ойда паспорт тайёр бўлар экан. Лекин, бугун навбатим келишига кўзим етмаяпти..
Маълумки, 1 июлдан эски паспортлар амал қилиш муддати тугайди ва янги паспортни олишга улгурмаганлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Хорижда эски паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқароси амал қилиш муддати тугамаган бўлса, ундан ватанига қайтиш учун учинчи мамлакатлар ҳудуди орқали транзит ўтишлари учун бир марталик ҳужжат сифатида фойдаланиши мумкин.