Самарқанд ҳокими ва ечинтирилган аёл ўртасида қандай фарқ бор?
(last modified Sun, 15 Jul 2018 03:48:51 GMT )
июл 15, 2018 08:48 Asia/Tashkent
  • Самарқанд ҳокими ва ечинтирилган аёл ўртасида қандай фарқ бор?

Нега Ўзбекистонда суд қарори чиқмасданоқ, айбланувчига жиноятчи деб қаралади? Нега у ҳақида телевизион лавҳалар тайёрланиб, оммага тақдим этилади? Нега бу каби кўрсатувлар мустақил судларнинг фикрига аралашув дея қабул қилинмайди?

"Ўзбекистон 24" каналида Самарқанд вилоят ҳокими лавозимидан олинган Туробжон Жўраев ҳақида танқидий репортаж намойиш қилинди.

Лавҳада даъво қилинишича, у муаммоларни жойида ҳал этиш, вилоят аҳолисига ёрдам кўрсатиш ўрнига пора олишнинг бутун бир вертикал тизимини яратгани ошкор қилинди. Ундан ташқари, гўёки тергов-суриштирув ишлари давомида Туробжон Жўраевнинг ўзи бу борада бирор нарсани инкор этмаган, дейилади хабарда.

Қонун устиворлиги таъминланган барча давлатларда "айбсизлик презумпцияси" тамойили амал қилади. Шахснинг жиноят содир қилганлиги шубҳа туғдирган ҳолларда ёки айбланаётган шахснинг айби аниқ исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқлангунга қадар, унинг айбсиз деб ҳисобланиши "айбсизлик презумпцияси" дейилади.

Исмини айтмаслигимизни сўраган тошкентлик ҳуқуқшуносга кўра, "айбсизлик презумпцияси" Ўзбекистон Жиноят кодексининг асосий принципларидан бири. "Суд томонидан шахс айбдор деб топилмагунча айбдор ҳисобланмайди. Афсуски амалиётга кириб қолган бу," - дейди у.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасида қуйидагилар таъкидланган:

"Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас."

Демак, Ўзбекистон телевидениеси ва унинг лавҳаларига асосланиб танқидий хабар тарқатаётган ахборот воситалари Ўзбекистон Конституциясини бузмоқдами?

Айбланувчининг айби исботланмай туриб у ҳақида телевизион лавҳалар тайёрлаш тажрибаси Россия матбуотида кўпдан бери қўллаб келинади.

Ўзбекистонда эса, Тошкентлик журналист айтишича, бу каби танқидий лавҳалар одатда "юқорининг буйруғи" билан, яъни давлат маъмуриятининг кўрсатмаси билан тайёрланади.

Аммо, суд ҳукмидан аввал бу каби лавҳалар чиқарилиши Ўзбекистонда қонун устиворлигини таъминланишига қандай хизмат қилади?

Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ёш аёлнинг милиция биносида мажбуран ечинтирилгани катта шов-шувга ва норозиликларга сабаб бўлди. Бу аёл ҳам гумон остида бўлса ҳам, милиция ходими наздида аллақачон айбдор деб кўрилган ва таҳқирланган.

Туробжон Жўраев ва каттақўрғонлик аёлга бўлаётган муносабатда ўхшашликни кўряпсизми? Ўзбекистон телевидениеси ва Ички ишлар соҳасига "тасодифан" кириб қолган милиция ходими Санъат Умаров амаллари ўртасида-чи?

Туробжон Жўраев ечинтирилмагандир, лекин "айбсизлик презумпцияси" тамойили бузилиши билан, у ҳам халқ олдида "ечинтирилган" айбдор бўлиб намоён бўлди.

BBC