Ўзбекистоннинг энг махфий одами: Рустам Иноятов
-
Сенатнинг расмий сайтида Иноятовнинг мутахассислиги \"филолог\" деб кўрсатилган.
Ўзбекистоннинг бир пайтлар қудратли махфий хизмати - МХХ тугатилган бўлсада, аммо унинг собиқ раиси Рустам Иноятов ҳануз махфий одам ҳисобланади.
Очиқ лавозим ҳисобланган сенатор ва Президент маслаҳатчиси мақоми ҳам генерал Иноятовни очиққа чиқара олмаган.
Шу йил 31 январида истеъфога юборилган Иноятов ҳозиргача бирон марта жамоатчилик кўзи ўнгида пайдо бўлмаган.
17 августга қадар Рустам Иноятовнинг номи Сенатнинг расмий веб саҳифасида ҳам йўқ эди.
Аммо матбуот бунга эътибор қаратиши ортидан Сенат Иноятовнинг сурати ва қисқа таржимаи ҳолини эълон қилди.
Унда Рустам Иноятовнинг мутахассислиги "филолог" деб кўрсатилган.
Бошқа сенаторлардан фарқли собиқ МХХ раисининг давлат мукофотлари ва электрон почта манзили кўрсатилмаган.
Бу махфийликнинг сири нимада бўлиши мумкин?
Сенатнинг расмий сайтида Рустам Иноятов исмининг йўқлигига биринчи бўлиб эътибор қаратган "Узметроном" нашри бош муҳаррири Сергей Ежковнинг фикрича Иноятовнинг "махсус мақоми"да.
"Агар мамлакатнинг энг қудратли махсус хизмати ҳозирги президентни давлат раҳбари лавозимида кўришни истамаганида, бунинг олдини олиш қўлидан келарди. Иноятов эса, ҳокимият учун курашлардан баланд тура олди. Каримов вафот этган пайт мамлакат ичидаги вазиятни ҳаммадан ҳам кўра бош вазир яхшироқ билишини Иноятов тушунган. Ва ўз навбатида Президент ҳам Иноятовни сенаторликка тайинлаш билан унинг давлат олдидаги хизматларини эътироф этган бўлди. Бор нарса шу".
Иноятов ўз вақтида мамлакатнинг нафақат энг қудратли, балки энг қўрқинчли одами ҳам ҳисобланган.
У Каримов давридаги сиёсий репрессиялар ва қийноқлар учун масъул мулозимлардан бири сифатида кўрилади.
Иноятовнинг собиқ ўринбосарлари қийноқлар ва иқтисодий жиноятларда айбланиб, умрбод ва узоқ йиллик қамоқларга маҳкум этилган.
Уларни "давлатга хиёнат"да айблаган Президент Мирзиёев собиқ МХХ раисининг ўзига дахлсизлик мақоми берган.
Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги кўпчилик учун бу ҳануз тушунарсиз.
Балки бу Мирзиёев ва Иноятов ўртасида махсус келишувнинг бир қисмидир?
Сергей Ежковнинг фикрича, Иноятов махсус хизматлардан четлатилгани билан унга шунчаки "чизиқ тортиш" осон иш эмас.
"Узоқ йиллар энг кучли махсус хизматларни бошқарган одам катта тажриба ва катта контактларга эга бўлади. Вазиятни жуда яхши билади. Ҳозир бунинг ҳаммасини олиб, ахлат қутисига отиш ақлдан эмас. Президент Иноятовни сенатор ва маслаҳатчи лавозимига тайинларкан, биринчи навбатда ақл билан иш қилган ва унинг тажрибасидан келиб чиққан, деб ўйлайман. Ҳа, Иноятов раҳбар сифатида ўз қўл остидагиларнинг ҳаракатлари учун шубҳасиз масъул. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо айни пайтда Мирзиёев Иноятовни ғуломовлар ёки шарифхўжаевлар билан бир қаторга қўймайди. Президент тушунишимча, шахсни ва тизимни бир кўрмайди. Ўз вақтида бир тизим бор эди ва бу тизим битта шахснинг иродаси асосига қурилганди. Ҳозир эса бошқа тизим. Президент Иноятовни бу тизимдан ажратиб олди ва унинг тажрибасидан фойдаланяпти. Албатта, энди раҳбар сифатида эмас, балки мувофиқлаштирувчи сифатида. Бу рационал бир ёндашув деб ўйлайман. Менинг фикримча, олдиндан ҳеч қандай келишув бўлмаган", - дейди Ежков.