Ўзбекистонлик боксчилар Осиё ўйинларида 5та олтин медални қўлга киритишди
(last modified Sat, 01 Sep 2018 08:29:44 GMT )
сентябр 01, 2018 13:29 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонлик боксчилар
    Ўзбекистонлик боксчилар

Ўзбекистон бокс жамоаси Осиё ўйинларида иккинчи олтин медални расмийлаштирди. -56 кг вазн тоифасидаги финал жангида Миразиз Мирзахалилов шимолий кореялик Жо Хё Намга қарши чиқди.

Мирзахалилов 3-раундда рақибни танг аҳволга солиб қўйди ва шимолий кореялик боксчи жангни давом эттира олмади, рефери техник нокаут қайд этди. Шу пайтгача тўпланган баллар бўйича ўзбекистонлик спортчи ғолиб деб топилди - 19:19, 19:19, 20:18, 19:19, 19:19.

Мирзахалилов Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Бу Ўзбекистон бокс жамоасининг иккинчи олтин медали бўлди ва Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинларидаги олтин медаллари сони 17тага етди.

Бундан олдин Жасурбек Латипов илк олтинни расмийлаштирганди.

-52 вазн тоифасида финал жангида рингга кўтарилган Жасурбек Латипов филиппинлик Ладон Рогенга қарши жанг қилди.

Иккинчи раундда филиппинлик боксчи жароҳат туфайли жангни давом эттира олмади. Ҳакамлар очкосига кўра Жасурбек Латипов ғолиб деб топилди - 3:1 (20:18, 19:19, 18:20, 20:18, 20:18). У Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

Олдинда яна 4 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга чиқади:-60кг: Шунқор Абдурасулов - Цендбаатар Ерденебат (Мўғулистон)-64кг: Иқболжон Холдоров - Чинзориг Баатарсух (Мўғулистон)-69кг: Бобоусмон Батуров - Асланбек Шимбергенов (Қозоғистон)-75кг: Исроил Мадримов - Абилхан Аманкул (Қозоғистон)

Индонезияда Осиё ўйинларининг бокс бўйича финал баҳслари давом этмоқда.

-64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров олтин медал учун мўғулистонлик Батарсук Чинзоригга қарши рингга чиқди.

У жангда тўлиқ устунликка эришди в 5:0 (29:28, 29:28, 30:27, 29:28, 30:27) ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

Унинг олтин медали Ўзбекистон бокс жамоасининг учинчи, делегациянинг 18-олтин медалига айланди.

Ўзбекистон бокс жамоаси Осиё ўйинларида навбатдаги олтин медални қўлга киритди.

-69 кг вазн тоифасида олтин медал учун рингга чиққан Бобоусмон Ботуров Қозоғистон вакили Асланбек Шимбергеновни 3:1 (28:28, 29:27, 27:29, 29:27, 29:27) ҳисобида мағлуб этди ва Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар сонини 19тага етказди ва кумуш медаллар кўплиги ҳисобига умумий рейтингда Эрондан ўтиб кетди.

-75 кг вазн тоифасидаги финал баҳсида Исроил Мадримов қозоғистонлик Абилхан Аманкулга қарши чиқди ва рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмасдан, Осиё ўйинлари олтин медалига эга чиқди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик боксчилар Осиё ўйинларида 5та олтин медални қўлга киритишди.