Миср президенти илк бор Ўзбекистонга келмоқда
(last modified Mon, 03 Sep 2018 06:44:18 GMT )
сентябр 03, 2018 11:44 Asia/Tashkent
  • Миср президенти
    Миср президенти

ТОШКЕНТ, 3 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, УзА хабарига асосан.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва ҳудудий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бу Миср президентининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлади. Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси Ўзбекистонга Хитойда бўлиб ўтадиган "Хитой-Африка" форумидан сўнг ташриф буюради. 

Ёрлиқ