Миср билан туризм, ислом маданияти ва спорт соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади
ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Кўксаройда бўлиб ўтган Миср ва Ўзбекистон президентларининг кенг доирадаги учрашувида икки мамлакат қайси соҳаларда муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкинлиги айтилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Туризм соҳасида алоқалар
Миср туризм соҳасида катта салоҳият ва тажрибага эга мамлакат. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу тармоқ жадал ривожланмоқда. Музокараларда бу соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун Мисрдан келадиган сайёҳларни кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Тошкент, Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алоқалар
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.
Музокараларда, шунингдек, қишлоқ хўжалаги, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳадардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Миср президенти билан бўлиб ўтган кенг доирадаги музокараларида савдо-сотиқ ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Хусусан, Ўзбекистон Миср бозорида талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишга тайёрлигини билдирди, - дейилган хабарда.
Миср эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, мебеллар, нефть-кимё маҳсулотлари, мармар, тери ва пластик маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш имкониятларини таклиф қилди.