сентябр 18, 2018 16:27 Asia/Tashkent
  • Шошилинч! Когондаги портлашни ҳукумат комиссияси ўрганмоқда

Расмий хабарларга кўра, йўловчи автобуси портлаган. 4 киши воқеа жойида, яна бир киши касалхонада вафот этган.

Портлаш натижасида йигирмадан ортиқ киши яраланган.

Улардан 5 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, бешовлон РШТЁИМ нинг Бухоро филиалига ётқизилган.

Портлаш содир бўлган пайтда автобус ичида жаъми 26 нафар йўловчи бўлган.

Йўловчи автобусининг метан газ балони портлаган.

Воқеа маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08:30 атрофида, Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида юз берган.

Магистрал йўли Бухоро вилоятининг Когон тумани орқали ўтган.

Йўловчи автобусининг қандай йўналишда ҳаракатланаётгани тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.

Сабаблар...

Автобус ҳайдовчисининг тақдири ҳақида ҳам шу соатларда расмий маълумотлар имконсиз.

Метан гази балони нега портлагани сабаблари ҳам шу пайтгача очиқланмаган.

Аммо, расмий хабарларга кўра, портлаш воқеасини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.

Бунга шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи топшириқ берган.

Ҳукумат комиссиясига Бош вазир ўринбосари Н.С.Отажонов бош этиб тайинланган.

Комиссия аллақачон портлаш сатҳида иш бошлагани ҳам хабар қилинган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилган.

РШТЁИМ дан хирург, нейрохирург ва реаниматологлар самолёт орқали Бухорога юборилган.

Жароҳатланганлардан етти нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, яна тўққизтасиники енгил экани айтилмоқда.

Аммо улар барчасининг портлаш натижасида айнан қандай кўринишдаги тан жароҳати олишгани маълум эмас.

Портлаш натижасида ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг шахслари ҳозирча очиқланмаган.

Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

Бухорода бундан уч йил бурун ҳам портлаш юз берган.

Воқеа шаҳарнинг гавжум кафеларидан бирида кузатилган.

Портлашга газ балони сабаб бўлгани айтилган.

Ўшанда камида 10 киши ҳалок бўлгани, 30 дан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда айнан метан гази балони сабаб, ёниб кетган транспорт воситалари ҳақида хабарлар кўпайган.

Ёрлиқ