Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Навоийда АЭС қурилишига старт берилади
(last modified Mon, 08 Oct 2018 10:20:11 GMT )
октябр 08, 2018 15:20 Asia/Tashkent
  • Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Навоийда АЭС қурилишига старт берилади
    Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Навоийда АЭС қурилишига старт берилади

Ўзбекистондаги илк Атом электр станцияси қаерда қурилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги «Дарё»га хабар берди. 

Сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонда Россия лойиҳаси бўйича атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолаганди.

Келишув Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек, ишга тушириш ва фойдаланишда ҳамкорликни кўзда тутади. Атом электр станцияси Россия лойиҳаси бўйича энергетик реактор асосидаги ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат бўлади.

Июнь ойида «Ўзбекэнерго» вакили АЭС қурилиши учун бутун мамлакат бўйлаб 10 га яқин майдон кўриб чиқилаётганини маълум қилганди. Аммо шу пайтгача АЭС қайси ҳудудда қурилиши номаълум бўлиб қолаётганди.

«Ўзатом»нинг «Дарё»га маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Навоийда Атом электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин 18–19 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади.

Ёрлиқ