12 яшар ўзбекистонлик жаҳоннинг иккинчи энг ёш гроссмейстери бўлди
-
12 яшар ўзбекистонлик
Ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаров 12 ёшида жаҳоннинг амалдаги энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди.
Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлганди. Жавоҳир жорий йил июнь ойида «Воронеж—2018» халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди.
Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида Сергей Карякиндан (12 ёш-у 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи – энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлади.
Ўтган йили яна бир ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусаттаров 13 ёш-у 1 ойда гроссмейстерлик мақомига эришганди. 2018 йил июнь ойида эса Ҳиндистонлик ёш шахматчи Рамешбабу Прагнанандха 12 ёш 10 ой 13 кунда шундай унвонга сазовор бўлиб, Нодирбекнинг «рекорди»ни янгилаганди. Жавоҳир эса ҳинд тенгдошини 5 кунга ортда қолдириб, жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери деган шарафли номни яна Ўзбекистонга қайтарди.