Термизда Афғонистоннинг бош консуллиги очилди
Термиз шаҳрида Афғонистоннинг бош консуллиги иш бошлади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Носир Аҳмад Андеша бошчилигидаги афғон делегацияси аъзолари, шунингдек, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий, Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги бош консули Миродил Абдураззоқов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Шундан сўнг шаҳар марказида жойлашган консуллик идорасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Афғонистон бош кунсули этиб Сангин Скандарий тайинланганини маълум қилинди. Меҳмонлар консуллик биносида афғонистон дипломатлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.