Даҳшат! Бўлаклаб ўлдирилган журналист
Икки ҳафтадан бери дунё оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши билан боғлиқ хабарлар қизғинлигини йўқотмаяпти. Журналист Туркия президенти Ражап Эрдўғоннинг яқин дўстларидан бири бўлган.
Ватанидан кетишга мажбур бўлиб, Америкада яшаётган ва “Вашингтон пост” газетасида устун ёзувчиси ўлароқ ишлаган журналист Жамол Қошиқчи (Khashoggi) Саудия Арабистони энг уст даражали расмийлари буйруғи билан ўлдирилган. Турк разведкасида унинг ўлдирилиш жараёни ҳақида аудио ёзув мавжуд.
Қошиқчи ватанига боролмагани учун турк аёл билан унаштирилиб, 3 октябрда уйланишни режалаштирганди. 2 октябр куни у Саудиянинг Истанбулдаги консуллигига кириб, хотини билан ажрашгани ҳақида ҳужжат олмоқчи бўлган.
Турк разведкасидаги манба хабар беришича, худди ўша соатларда саудиялик 15 киши хусусий учоқ билан Истанбулга келган. Улар орасида ўлган одамни ёриб, текширадиган паталогоанатом ва электр арра ҳам бўлган. Мусофирлар консуллик яқинидаги меҳмонхонада қайддан ўтишган.
Консулликка кираверишда ўрнатилган видео камерада Қошиқчи соат 13:15да ичкарига кираётгани қайд этилган. Лекин, консуллик ходимлари у орқа эшикдан чиқиб кетганини иддао қилгани билан, бирорта далил келтиришолмаяпти.
Қошиқчи унаштирилган аёл унинг консулликдан чиқишини соатлаб кутган. Ишончли манбалардан сизиб чиқаётган хабар ва ҳали эълон қилинмаган далиллар Қошиқчи одам этини жунжиктирадиган даражада ваҳшиёна ўлдирилганини кўрсатмоқда.
Турк манбалар хабар қилишича, Қошиқчи ичкарига кириши билан, унга ташланишиб, қандайдир ҳужжатга қўл қўйиб беришни талаб қилишган. Консулнинг хонасига олиб кириб, мажбурлаб дори беришган. Аудио ёзувга кўра, консул ҳужумчилардан журналистни бошқа хонага олиб чиқиб, ўша ерда қиладиган ишларини қилишларини сўраганда, уни ҳам ўлим билан таҳдид қилишган.
Кейин, журналистни қўшни хонага судраб чиқиб, столга ётқизишган. Воқеанинг энг жирканч қисми шу ерда юз берган.
Паталогоанатом олдин Қошиқчининг бармоқларини кесган. Кейин, ҳали ўлмаган журналист баданини майдалаб, тўғрай бошлаган. Дод-войини эшитмаслик учун, қулоғига қулоқлик тақиб, мусиқа эшитган ва атрофдаги бошқаларга ҳам шундай қилишни маслаҳат берган.
Бир қанча вақт ўтиб, ойналари қорайтирилган узун автомобил консулликдан чиқиб кетган. Турк разведкасига кўра, журналист баданининг бўлаклари ана шу машинада бўлган.
Орадан икки ҳафтача ўтиб, Туркиялик терговчилар консуллик ичкарисига киришганида деворлар яқинда бўялгани ва токсин (заҳарли) моддалар борлиги аниқланди. Кучли халқаро босим остида қолган Саудия қироли консулхонага турк ва араб текширувчилар киришига рухсат берди.
Бироқ, олдинига 16 октябрга белгиланган текширув бир кун кечиктирилди. Янаям қизиғи, турк суриштирувчилар консулнинг уйига боришидан олдин консул учоққа миниб, хайр маъзурни насия қилиб, юртига қайтиб кетиб қолди.
Саудия билан кучлик иқтисодий ва сиёсий алоқаларга эга Америка ҳам оғир вазиятда қолди. Бир қанча Сенат аъзолари араб давлатига қарши кескин чоралар кўришни талаб қилиб, акс ҳолда Американинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси деган имиджиги зарар етишини билдиришди. Бундай ташқари, Саудия Американинг Эронга қарши курашидаги энг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади.
Президент Доналд Трамп 15 октябрда ўз вакили Помпеони шошилинч равишда Ар-Риёдга қирол билан учрашиш учун юборди. Учрашув чоғида қирол яна бир бор мудҳиш жиноятдан хабари йўқлигини таъкидлади.
Америкада Саудиянинг бир неча триллион долларлик ётирими бор. Агар қирол ёки атрофидагиларнинг мудҳиш жиноятдан олдиндан хабари борлиги маълум бўлса, Трамп Саудия “қаттиқ жазоландирилиши”ни айтда. Таҳдидга жавобан, саудлар ўз иттифоқдошига нисбатан ундан да қаттиқ чора кўришларини билдиришди. Ишнинг нозик томони шунда-ки, Америка уларга 110 миллиард долларлик (!) қурол-аслаҳа сотишни мўлжаллаб турибда.
Агар Саудияга қарши санкция киритилгудек бўлса (ки, бундай бўлиш эҳтимоли, менимча, жуда паст), қурол сотиш режаси амалга ошмаслиги, натижада юз минглаб америкалик ишсиз қолиши мумкин. Трапм ҳам агар қуролни Америка сотмаса, Россия, Хитой ва Ҳиндистон жон деб ўрнини эгаллашини очиқ айтди.
Бу орада Қошиқчи йўқолиши (ўлими)га аралашган гувоҳлар йўқ қилиниши эҳтимоли юзага чиқа бошлади. Бугун Туркиядаги ”Yeni Şafak” (“Янги шафақ”) газетаси хабар қилишича, Истанбулга келган 15 кишилик гуруҳдаги Машъал Бўстоний Ар-Риёддаги шубҳали автомобил ҳалокатида ўлган.
Қани, кўрайлик-чи, эртагa яна қандай гап-сўз ва далиллар чиқар экан…
Бахтиёр Шоҳназаров