октябр 22, 2018 10:27 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия ва спорт университети очилади
    Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия ва спорт университети очилади

21 октябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ректори Михайлова Тамара Викторовна бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари бўйича тренерлар тайёрлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинган. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган. Хусусан, Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиали ташкил этилади. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи ва мураббийларга университетнинг Россиядаги қишки спорт турларига ихтисослашган базаларда шуғулланиш имконияти яратилади.

Тадбирда сўз олган Дилмурод Набиев президент томонидан мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши кутилаётгани ва ушбу режаларни ҳаётга татбиқ этишда барча имкониятлар ишга солинишини маълум қилди.

Тамара Викторовна университетнинг янги ташкил этиладиган филиали ҳақида шундай деган: «Мазкур филиал университетимизнинг хорижда ташкил этилаётган биринчи филиали бўлади. Унинг ташкил этилиши нафақат Ўзбекистон, балки барча Марказий Осиё давлатлари ёшларининг таълим олишига қулайлик яратади. Дастлаб бир неча йўналишда ташкил этиладиган филиал йўналишлари йилдан-йилга кенгайтириб борилади. Биз муассасанинг самарали фаолият юритиши учун малакали мутахассисларимизни жалб этамиз».

Учрашув якунида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Ёрлиқ