Ўзбекистон разведкачилари Британияда ўтказилган халқаро танловда ғолиб бўлди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Британияда разведка бўлинмалари ўртасидаги “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида иштирок этди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кӯра15−17 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Британияда разведка бўлинмалари ўртасидаги “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида иштирок этди.
Мусобақада 34 давлатдан 123 та жамоа қатнашди.
“Кембрия патрули” мусобақаси 40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинади. Ушбу танлов дунё ҳарбий хизматчилари ичида ўтказиладиган энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан ҳам таққослашади. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига қаратилган.
Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 кг юк билан 70 км масофани босиб ўтишда 1500 м баландликка кўтарилиб, 1000 м тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.
“Президентимизнинг жорий йилда Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида ўтган йилда “Кембрия патрули” танловида иккинчи ўринни қўлга киритган қўшин разведкачиларимиз бу йилда, албатта, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, ёруғ юз билан Ватанга қайтишга ваъда беришганди ва бунинг уддасидан чиқишди.
Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак – бундай ғалабага Ватанни севмасдан, унга содиқ бўлмасдан эришиб бўлмасди!,” – деди Абдусалом Азизов.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган ғолиб ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилди. Тўққиз нафар танлов ғолиби Ўзбекистон мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.