"Оч, битлаган, ҳомиладор" - Қўқон қизлар коллежидаги даҳшатли аҳвол
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги қизлар учун махсус енгил саноат коллежида бир неча ходимлар, хусусан коллеж директори, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва жинсий зўравонлик каби айблар билан ҳибсга олинганлар.
Бош прокуратуранинг билдиришича, "Қўқондаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмокда. Вояга етмаганларнинг шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан иш юзасидан бирон бир маълумот бериш мақсадга мувофиқ эмас."
Би-би-сига баъзи маълумотларни Қўқондаги айни терговга алоқадор манба ҳам тасдиқлади.
Газета.уз ёзишича, коллеж директори 58 ёшли Раъно Йўлдошева ва омборчи 63 ёшли Одил Шерматов "мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш" ва "мансаб сохтакорлиги" айблари билан қўлга олинганлар.
46 ёшли қоровул Ғаппоржон Султонов "жинсий зўрлаш" ва "жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш"да айбланмоқда.
Коллеж ўқув бўлими раҳбари 26 ёшли Отабек Рўзиматов ҳам "жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш"да айбланади.
"Оч ва битлаб кетган"
Коллежда Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келган 200 қиз тарбияланади. Жазони ўташ муассасаларидек қўриқланадиган бу коллеж ўқувчилари орасида жиноят содир этган, ота-онаси турли сабабларга кўра, хусусан хорижда ишлагани туфайли ташлаб кетган, ўз оила аъзоси томонидан жинсий зўрланган, оиладаги қийинчиликлар туфайли мактабга бормай турли ишларга, хусусан фоҳишаликка қўл урган ёки фоҳишалик ва ўғриликка мажбурланган қизлар сақланади.
Коллежга қизлар суд қарори билан жойлаштирилади, ҳамда, қонунга кўра, уларга эркак ходимларнинг яқинлашуви кескин чекланган.
Аммо, терговга алоқадор манбанинг Би-би-сига билдиришича, мазкур муассасада қизлар ўта аянчли ҳолда яшаганлар.
Тергов жараёнида барча қизларнинг битлаб кетгани, кўрпа-тўшакларда бурганинг кўплигидан қизлар тўхтамай қашинаётгани, кўплари очликдан қийналаётгани маълум бўлган.
Турон24 ўз манбасига таяниб хабар қилишича, "ҳозир гинекологлар ўқувчи қизларни текширувдан ўтказишмоқда. Уларнинг 80 фоизи зўрлаш қурбони бўлган бўлиши мумкин".
Манба фақат бир тарбияланувчи қизнинг 17 ёшида ҳомиладор бўлгани ва 18 ёшида туққанини тасдиқлади.
Би-би-си терговнинг бошқа тафсилотларидан ҳам хабардор, аммо тарбияланувчи қизларнинг шаъни ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, уларни ошкор этмайди.
Май ойида Марғилондаги меҳрибонлик уйининг директор ўринбосари Собиржон Усмонов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган
ВВС