Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи омбудсмен лавозими жорий этилади
-
Ўзбекистон
Болалар омбудсмени институтини ташкил этиш масаласи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш дастури доирасида кўрилади.
Бу ҳақда Уза Уз сайти хабар қилган.
Хабарга биноан, Инсон ҳукқуқлари миллий марказининг директори Акмал Саидов «Принциплар ва декларация қадриятларини эъзозлаш» мақоласида бу масала «кун режаси»га киритилган деб ёзди.
Болалар омбудсмени давлат томонидан жорий этилган ҳуқуқ ҳимояси тизимини кучайтириш билан шуғулланади. Ҳозирда тизим омбудсмен (Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили), бизнес-омбудсмен (президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи вакил) ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказидан иборат. Бундан ташқари, 2018 йили фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича президент ҳузурида Маслаҳат кенгаши ташкил этилди. У давлат ва фуқаровий жамият институтлари ўртасида мулоқот ўрнатиш вазифалари билан шуғулланади.
2018 йили дунё “Халқаро инсон ҳуқуқлари декларацияси” қабул этилганининг 70 йиллигини нишонлайди. Ўзбекистонда бир йил ичида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида қатор қонун ва қарорлар қабул қилинди ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш йўлида чоралар кўрилди, деб изоҳлайди Саидов.