Самарқандда милиция ходими аёл кишини уриб ҳушидан кетказди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i39649
Самарқанд шаҳри «Ҳаёт обод» маҳалласида яшовчи фуқаро Салим Саидов мурожаат қилиб, жорий йилнинг 19 октябрь куни соат 21:30 атрофида ўғли, 1998 йилда туғилган Самариддин Саматов ва рафиқаси Сурайё Ашуралиевани Ички ишлар ходими урганлиги, натижада аёли тан жароҳати олганлигини билдирди.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
ноябр 11, 2018 12:23 Asia/Tashkent
  • милиция ходими
    милиция ходими

Самарқанд шаҳри «Ҳаёт обод» маҳалласида яшовчи фуқаро Салим Саидов мурожаат қилиб, жорий йилнинг 19 октябрь куни соат 21:30 атрофида ўғли, 1998 йилда туғилган Самариддин Саматов ва рафиқаси Сурайё Ашуралиевани Ички ишлар ходими урганлиги, натижада аёли тан жароҳати олганлигини билдирди.

Дарё сайтига кўра, «19 октябрь куни соат 21:30 атрофида машғулотдан қайтаётганимда уйимиз яқинида бир маст киши сўкиниб, қўпол сўзлар ишлатиб мени чақира бошлади. Аввалига у бошқа бировни ҳақоратлаётган бўлса керак деб йўлимда индамасдан давом этдим. Бироқ, номаълум одам сенга гапиряпман деб олдимга келиб кутилмаганда менга ташланиб қолди. Ёши катта инсонга ‘ака, мени нега ураяпсиз?’ — дедим ва индамай йўлимда давом этдим, – дейди Самариддин Саматов. – Мени нима сабабдан урганлигини очиғи тушунмадим. У одамни, тўғриси, танимайман ҳам. Кўчамиздаги шовқиндан сўнг қўни-қўшнилар чиқишди. У одам уйимиз олдига келиб, мени яна ҳақоратлаб ура бошлади».

Салим Саидовнинг билдиришича, воқеа содир бўлган куни фуқаронинг кимлиги, қаерда ва нима иш қилишини билмаган. Воқеага гувоҳ қўшнилар орқали у фуқаро 42-уйда яшашини билгандан сўнг орадан икки кун ўтиб ўғли ва аёлини урган шахс Рифат Ҳасанов эканлиги, у киши ИИБда ишлашини аниқлаган.

«Кўчадаги шовқинни эшитиб ташқарига чиқсам, номаълум эркак ўғлимни ураётган экан. Ўғлимга, ‘маст экан, индамай уйга кир’ деб уни ичкарига олиб кирмоқчи бўлдим. Шу вақтда ўша фуқаро кутилмаганда чап жағимга бир мушт туширди. Кучли зарбдан йиқилиб тушдим, – дейди Сурайё Ашуралиева. – Йиқилганимдан сўнг қанча муддат ҳушумни йўқотганимни эслай олмайман. Ҳушимга келганимда урган эркак воқеа жойидан қочиб кетганлигини билдим».

Воқеага гувоҳ бўлган Сурайё Ашуралиеванинг қўшниси М.М.нинг (исмини сир сақлашни сўради) таъкидлашича, ёш бола ва аёл кишини урган Рифат Ҳасанов ўша куни маст бўлгани сабабли уни рафиқаси воқеа жойидан олиб кетолмаган.