Ўзбекистондаги илк овозли пиёдалар йўлакчаси қурилди
(last modified Mon, 19 Nov 2018 14:03:28 GMT )
ноябр 19, 2018 19:03 Asia/Tashkent
  • илк овозли пиёдалар йўлакчаси
    илк овозли пиёдалар йўлакчаси

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Косон туманида мамлакатдаги илк овозли пиёдалар йўлакчаси очилди.

УзА сайтига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, йўллар сифатини ошириш, шунингдек, йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Косон тумани «Мустақиллик» кўчасида янги инновацион лойиҳа асосида «Хавфсиз пиёдалар йўлакчаси» қурилди.

Йўлакча бир кеча-кундузда пиёдалар хавфсизлигини бирдек таъминлаш мақсадида мураккаб электрон воситалар билан жиҳозланган. Хусусан, ушбу пиёдалар йўлакчасига 50 ва 30 метр етмасдан шовқин чиқарувчи горизонтал полосалар барпо этилган. Бунинг учун йўл қопламаси 0,5 сантиметр қалинликда қириб олиниб, сариқ рангли кўндаланг қоплама қопланган бўлиб, улар ҳайдовчининг сергаклигини ошириш билан бирга йўлакчага яқинлашаётганидан огоҳ этади. Шунингдек, махсус қурилмалар пиёда йўлакка кириши билан ишга тушиб, ўта сезгир детекторлар ёрдамида йўлакка пиёда кираётганлиги тўғрисидаги огоҳлик сигналини ҳаракатланаётган пиёда тасвири акс этган йўл белгисига узатади. Ҳамда пиёда йўлакчадан ўтаётганида ўта сезгир детекторлар ёрдамида майин товушда «пиёдалар диққатига, эшитиш ва қўл телефонларидан фойдаланманг» деб йўлакчадан ўтаётган пиёдаларни қўл телефонидан фойдаланмасликка ундайди. Ушбу сигнал ҳайдовчиларни йўлакчада пиёда ҳаракатланаётганидан огоҳ этади.