ИИБ лейтенанти рейд пайтида уриб ўлдирилди
(last modified Thu, 22 Nov 2018 13:40:49 GMT )
ноябр 22, 2018 18:40 Asia/Tashkent
  • ИИБ лейтенанти рейд пайтида уриб ўлдирилди

Андижон вилоят, Избоскан туман ички ишлар бўлими ходими¸ лейтенент Илҳомжон Ҳайдаров 21 ноябрь куни калтаклангани ортидан касалхонада оламдан ўтди.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг оммавий ахборот воситаларига гапириш ваколати йўқлиги учун исми айтилмаслик шарти билан гапирган ходимининг  айтишича¸ Ҳайдаров тунги навбатчилик пайтида, 21 ноябрь кечқурун тахминан соат 9 ларда избосканлик йигитнинг тажовузига учраган:

- Тунги навбатчилик пайтида лейтенант Ҳайдаров уч-тўртта болани тўхтатиб, шахсини аниқламоқчи бўлган. "Кимсан¸ нима қилиб юрибсан", деган маънода. Сўраш ички ишлар ходимининг вазифасику?! Жанжал бўлган. Шу болаларнинг ичида биттаси бир мушт солган.

Мулозимнинг айтишича¸ ИИБ ходимига ҳужум Избоскан тумани билан Пахтаобод тумани ўртасидаги маъмурий чегара яқинида содир бўлган:

- Бир киши бир мушт урганида Илҳомжон ерга йиқилган. Кейин зудлик билан энг яқин касалхонага - Пахтаобод Тез тиббий ëрдам бўлимига олиб борилган. 21 ноябрдан 22 ноябрга ўтар кечаси Ҳайдаров касалхонада оламдан ўтди.

Мулозимга кўра¸ “ИИБ ходими ўлимига сабаб бўлган жанжал иштирокчилари зудлик билан Избосканга етиб келган наряд томонидан ҳибсга олинган”:

- Ўз хизмат вазифасини бажараëтган ИИБ лейтенантига мушт отган йигит гумонланувчи сифатида¸ қолганлар гувоҳ сифатида вақтинча ҳибсга олинди. Прокуратура тергов олди суриштирувини бошлади.

ИИБ мулозими лейтенант Ҳайдаровга ҳужум қилган шахсга оид маълумотларни очиқламади.

 

Ёрлиқ