Ўзбекистон ТИВ Самара-Чимкент трассасида юз берган ЙҲТ бўйича маълумот берди
Ўзбекистон ТИВ Қозоғистоннинг Қизилўрда области ҳудудида салонида ўзбекистонликлар бўлган автобус билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида маълумот тарқатди.
Спутник сайтига кўра, консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, 22 ноябрь куни соат 20:40да Самара-Чимкент йўлида “Vanhol” русумли автобус билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Автобус ҳайдовчиси, Қозоғистон фуқароси С.Болтабоев музламада бошқарувни йўқотиши оқибатида автобус ағдарилиб кетган.
Қизилўрда области Ички ишлар департаменти Аральск райони ИИБ маълумот беришича, автобусда 36 киши бўлиб, шундан 34 нафари Ўзбекистон ва икки нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган.
1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Зокир Рўзимуратович Аҳроров олган жароҳатлари сабабли Аральск райони шифохонасида вафот этган.
Ўзбекистон фуқаролари О.Абдукаримов, И.Маъмуров, А.Самибоев, Н.Асқаров, Р.Махмаризаев, К.Мамадалиев, Р.Тўрабоев енгил даражада тан жароҳати олган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўзбекистоннинг қолган фуқаролари “Саяхат” меҳмонхонасига жойлаштирилган.