Ўзбекистон банкларида олтин ва кумуш тангалар сотиш авжига чиқди
Ўзбекистон Марказий банки 28 ноябрдан сотувга чиқарилган олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларининг сотуви ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, ўтган бир ҳафта давомида минг донадан ортиқ олтин ва уч мингга яқин кумуш тангалар сотилган.
4 декабрь ҳолатига Ўзбекистон банкларидаги олтин ва кумуш тангалар қолдиғи мос равишда 877 ва 3922 донани ташкил этмоқда.Сотувга жами 1900 дона олтин ҳамда 6900 дона кумуш эсдалик тангалари қўйилганди.
Сотувга 1994-2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ҳамда оғирлиги 31,1 граммдан иборат. Эсдалик тангасининг оғирлиги, ишлаб чиқариш хусусиятларидан келиб чиқиб, кўрсатилган параметрлардан 0,01 граммга фарқ қилиши мумкин.
Эсдалик тангаларни сотиб олиш мумкин бўлган тижорат банклари рўйхати Марказий банк сайтида келтирилган.