Тўққиз кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинди
Навоий вилоятининг Кармана туманидаги корхоналардан бирининг ҳудудига номаълум шахслар кириб, қоровулни куч ишлатиш йўли билан қўрқитиб, “Samsung” мобиль телефонини тортиб олдилар, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.
“...рангли металлар сақланадиган омборхона қулфини бузиб очиб, металл парчаларини олиб кетаётган вақтларида корхона ишчиси С.Р. келиб қолиши оқибатида жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмай оқ рангли давлат рақамлари бўлмаган “Форд” русумли автомашинада воқеа жойидан яширинганликларини маълум қилган”, - дейилган хабарда
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Кармана тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Х.А., Н.М., У.Н., А.И., Д.Х., А.Х., Н.Н.лар ва Бухоро вилоятида яшовчи Ў.Х., М.А.лар содир этганликлари аниқланиб, ушланганлар. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон жиноят кодексига биноан шунга ўхшаш жиноятлар ахлоқ тузатиш ишлари, беш йилгача озодликдан чеклаш ёки маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар зўрлик ишлатилса ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилган ҳолда содир этилса, жазо муддати кўпайиши мумкин.