Ҳокимларнинг ваколатлари қисқаради: кенгашларга энди ҳокимлар раислик қилмайди
(last modified Fri, 14 Dec 2018 11:21:06 GMT )
декабр 14, 2018 16:21 Asia/Tashkent
  • Ҳокимларнинг ваколатлари қисқаради: кенгашларга энди ҳокимлар раислик қилмайди
    Ҳокимларнинг ваколатлари қисқаради: кенгашларга энди ҳокимлар раислик қилмайди

Ўзбекистонда депутатларнинг ваколатлари кенгайтирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари давомида ўтказилган Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси вақтида маълум қилган.

«Олий мажлисга қиладиган мурожаатимда депутатларга янаям кўпроқ ваколатлар бераман. Президент халқ вакилларига таяниши керак.

Икки йил олдин лавозимга келганимда вақти келиб ҳокимлар сайланиши, ҳокимлар вилоят кенгашларига раҳбар бўлмаслигини айтгандим. Кейинги йилдан шундай бўлади.

Бир раҳбар одам ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмайди. Керак бўлса, ҳоким кенгашга ҳисобот беради. Вилоят ва туман депутатларига ҳам ваколатлар берилади.

Жамиятда рақобат бўлиши керак. Ҳамма бир-бирига қулоқ солиши керак. Йўқса, Ўзбекистон яна орқага кетади», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент 20 декабрдан кейин парламентга мурожаат қилишини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида ҳокимлар бевосита халқ томонидан сайланишини таклиф қилганди.

Ёрлиқ