Миллиардер Алишер Усмонов бойлигини кимга қолдиради?
(last modified Mon, 24 Dec 2018 06:47:46 GMT )
декабр 24, 2018 11:47 Asia/Tashkent
  • Миллиардер Алишер Усмонов бойлигини кимга қолдиради?

Россиялик тадбиркор, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов кейинги йил охирига қадар Ўзбекистондаги лойиҳаларга 300−400 млн долларга яқин инвестиция киритишни режалаштираётганини маълум қилди. Миллиардер ўз режалари тўғрисида Forbes журналига берган интервьюсида сўзлади.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у на Россияда, на Ўзбекистонда бизнес юритишни истамайди. «Бугун менинг 80 фоиз вақтим Халқаро қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилишга кетмоқда, 9 декабрь куни 105 ёшга тўлдик ва биз юбилей муносабати билан Парижда — федерацияга асос солинган шаҳарда маросим ўтказамиз. Биз ҳаёт бўлмиш барча олимпиада чемпионлари, барча кўп карра жаҳон чемпионлари, барча федерациялар ва жаҳон спортининг барча раҳбарларини таклиф қиламиз. Бундай тадбирни ўтказиш учун катта куч билан ишлаш лозим», — деди у.

Алишер Усмонов Ўзбекистонда МИСиС филиали («Москва пўлат ва қотишмалар институти» Миллий технологик тадқиқотлар университети филиали) очилишидаги ўз иштироки тўғрисида ҳам сўзлади. Одатда Алишер Усмоновнинг инсонпарварлик лойиҳалари билан «Санъат, фан ва спорт» жамғармаси шуғулланади, бироқ МИСиС «Металлоинвест» (USM Holdings таркибига киради) орқали молиялаштирилмоқда.

Ўзбекистонлик талабаларнинг Москвада таҳсил олиши учун Алишер Усмонов эндаументга (мақсадли жамғарма — таҳр.) муайян миқдорда маблағ киритди.

Forbes журналининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни СССРнинг биринчи президенти Михаил Горбачёв билан солиштириш мумкинми, деган саволига Алишер Усмонов қуйидагича жавоб қилди:

«У Горбачёв эмас. Горбачёвдан фарқли равишда у ўзининг аниқ режаларига эга. У ҳақиқий ватанпарвар ва ҳеч қачон Ўзбекистон давлатининг емирилишига йўл қўймайди. Уни ҳеч ким билан солиштириб бўлмайди. У етарлича мустақил. Ва, эҳтимол, у иқтисодиётда ўсиш бўлишни истайдиган шарқона раҳбарнинг янги намунаси бўлади. Мен бунга ишонаман», — деди тадбиркор.

Алишер Усмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни етарлича расмий кечган. «Барчаси давлат қўлида қолди. У ерда Собиқ Иттифоқ Давлат режаси асос солган квазикапиталистик тизим бор эди. Бундай меросни қабул қилиб олган янги президент ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий кўламда кескин ўзгаришларни амалга оширди», — деди у.

«Сиёсатда муваффақият ёки муваффақиятсизлик жуда тез аниқланади — Ўзбекистоннинг сиёсатдаги ютуқлари очиқ-ойдин, уларни бутун дунё тан олди, — дея давом эттирди тадбиркор. — Сиёсий маҳбуслар озод қилинди, мамлакат очиқроқ бўлди, сайёҳлар оқими анча ўсди».

Иқтисодиётда сиёсатдан фарқли равишда, жуда эҳтиёткор кетмоқ лозим, деб ҳисоблайди Алишер Усмонов.

«У бузуқ эди, узоқ вақт эгри кўзгулар мамлакатида яшади. Бу ерда ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш лозим. Халқ фаровонлигини ошириш мақсадида иқтисодиётни рақобат бўлган,давлат муайян иштирокини сақлаб турувчи нормал томонга ўзгартириш, бироқ иқтисодий юксалишни хусусий, биринчи навбатда хорижий инвестициялар таъминлайди», — дея қайд этди у.

Алишер Усмонов «Ўзметкомбинат» ва «Ўзиккиламчиранглиметалл"ни SFI Management Group гуруҳи бошқараётганини маълум қилди. Компания кузатув кенгаши раиси — Бобур Шодиев, миллиардер ва Алишер Усмоновнинг дўсти Фаттоҳ Шодиевнинг жияни.

«SFI акаси, менинг дўстим оиласига қарашли. Бизнинг «Металлоинвест» компаниямиз унинг компанияси билан бирга ишлайди. SFI яқинда «Пахтакор» футбол клубининг 80 фоизига эга бўлди. Биз унга мухлислик қиламиз. Президент ҳам ушбу клубга мухлислик қилади. Албатта, биз унинг қайта тикланишини — Осиё чемпиони бўлишини истаймиз, ундан кейин эса биз жиддийроқ кубокларни ният қиламиз. Агар SFI «Пахтакор"ни ривожлантирса, нима қилишим менга ойдинлашади ва мен ўзимнинг барча имкониятларим билан ёрдам беришга тайёрман. Бироқ бу «Пахтакор» акционери ёки унинг эгаси бўлишимни англатмайди», — дея изоҳ берди у.

Ёрлиқ