Ишбилармонлар ва тадбиркорлар диққатига. Қўшилган қиймат солиғи бўйича саволларга жавоблар
(last modified Mon, 31 Dec 2018 05:47:22 GMT )
декабр 31, 2018 10:47 Asia/Tashkent
  • Ишбилармонлар ва тадбиркорлар диққатига. Қўшилган қиймат солиғи бўйича саволларга жавоблар
    Ишбилармонлар ва тадбиркорлар диққатига. Қўшилган қиймат солиғи бўйича саволларга жавоблар

2019 йил 1 январдан бошлаб, йиллик обороти 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлайдилар.

Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати ҚҚС бўйича энг кўп берилган саволларга жавобларни тақдим қилди.

1. Корхона 2018 йилда 1 млрд. сўмдан ортиқ оборот қилган ва қўшилган қиймат солиғига ўтиш юзасидан хабарнома олган, лекин ушбу корхона 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам оборот қилса кейинчалик солиқлар қайси тартибда тўланади?

Ушбу корхона 2019 йил давомида умумбелгиланган тартибда солиқ тўлаши лозим бўлади. Агар 2019 йилда корхона 1 млрд. сўмдан кам оборот қилса унинг солиқ солиш режими 2020 йилда қайта кўриб чиқилади.

2. Корхонанинг шахсий кабинетига умумбелгиланган тартибда солиқларни шу жумладан қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтиш учун келиб тушган хабарнома ҳақида маълумот беринг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга, жумладан, ҚҚС тўлашга ўтказиш белгиланганидан келиб чиқиб, ушбу хабарнома солиқ мажбуриятларини бажарилиши юзасидан манзилли маслаҳат хизматларини кўрсатиш мақсадида юборилган.

3. Корхонанинг шахсий кабинетига умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашга ўтиш юзасидан юборилган хабарнома қабул қилинганидан сўнг, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза қандай тартибда жўнатилади?

Хабарномада ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза шаклига ҳавола қўйилган бўлиб, ушбу ҳавола орқали ариза шаклига ўтилади ва расмийлаштириб юборилади. Аризагўй автоматик тарзда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади ва белгиланган шаклдаги гувоҳнома шахсий кабинетга қайта юборилади. Шунингдек, ҚҚС тўловчиси сифатида давлат солиқ инспекцияларида ташкил этилган “Маслаҳат хизматларини кўрсатиш” дарчалари орқали ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин.

4. Корхона бир нечта фаолият турлари билан шуғулланса ва ҳар бир фаолият тури бўйича ялпи тушуми 1 млрд. сўмдан кам миқдорни ташкил қилса шахсий кабинетига хабарнома келадими?

Корхонанинг йиллик айланмаси барча фаолият турлари бўйича умумий тарзда аниқланади. Агарда корхонанинг умумий йиллик айланмаси белгиланган миқдорга етса, яъни 1 млрд. сўмдан ошганда корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозим бўлади, бунда корхонанинг шахсий кабинетига хабарнома келганлиги ёки келмаганлиги аҳамиятга эга эмас.

5. Ишлаб чиқариш ҳамда автомобилларга газ (метан) тўлдириш фаолияти билан шуғулланувчи корхонанинг обороти (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошса 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашга ўтадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган барча корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш белгиланган.

6. Корхонанинг йиллик обороти (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошганда 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтса, ҚҚС тўламайдиган фирма билан шартнома тузган ҳолда тегишли ишларни амалга оширса 2 баравар ҚҚС тўланадими?

Қўшилган қиймат солиғи икки баравар тўланмайди, аммо корхонада ҳисобга олинадиган ҚҚС мавжуд бўлмайди.

7. 2019 йилдан йиллик айланмаси 1 млрд.сўмдан ошган ягона ер солиғи тўловчилари бўлган фермер хўжаликлари ҳам ҚҚС тўлашга ўтадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан, ягона ер солиғи тўловчилари учун амалдаги солиққа тортиш тартиби сақланиб қолинади.

8. Автомобилларга ёнилғи қуйиш фаолияти билан шуғулланадиган корхона йиллик ялпи тушуми 1 млрд. сўмдан ошганда реализация қилинган ёнилғи учун ҚҚС қандай ҳисобланади?

Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда, солиқ солинадиган база белгиланган баҳолардан (тарифлардан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

9. Корхонанинг 2018 йил якуни билан йиллик обороти 1 млрд. сўмдан ошган. Ушбу корхона 2019 йил 1 январдан омбордаги мавжуд қолдиқ товарлар реализация қилинганда ҚҚС ҳисобланадими ёки йўқми?

Корхона 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган тартибдаги солиқларни тўлашга ўтса, 2018 йил якуни билан унинг омборида қолган товарлари ҳам ҚҚС билан сотилади.

10. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб корхона томонидан божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган товарлар ички бозорга реализация қилинганда қандай тартибда ҚҚС ҳисобланади?

Агар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу товарларни ички бозорда реализация қилиниши учун ҚҚСдан имтиёзлар назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ҚҚС тўланади.

11. Кунига юздан ортиқ буюртмачиларга, шу жумладан ЯТТларга товарларни реализация қилувчи корхоналар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни тўлдиришда қандай қулайлик мавжуд?

Электрон ҳисобварақ-фактуралар шакллантирилганда харидорнинг СТИР рақами киритилса, унинг реквизитлари автоматик тарзда шаклланади ва ушбу шаклланган электрон ҳисоварақ-фактураларни юбориш жуда қулай ва ортиқча харажатларнинг олди олинади, жумладан қоғоз тежалади.

12. Юридик шахс корпоратив карта орқали товар харид қилганида юк хати (ҳисобварақ-фактура) олиши шартми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сонли Фармонига асосан, 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилган. Шунга асосан юридик шахс томонидан корпоратив карта орқали товар харид қилганда ҳисобварақ-фактура олиниши шарт.

13. Чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор томонидан корпоратив карта билан савдо сотиқ қилинганда, ҳисобварақ-фактура расмийлаштириладими.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сонли Фармонига асосан 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартиби жорий этилган. Шунга асосан ЯТТ корпоратив карта орқали товар сотганда ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши шарт.

14. Электрон ҳисобварақ-фактура қандай юборилди?

Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz сайти орқали шахсий кабинетга кирилади ва электрон ҳисобварақ-фактура модули орқали юборилади.

15. Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда уни принтердан чиқариб, ёзма равишда тасдиқлаш шартми?

Шарт эмас.

16. Туристик хизмат кўрсатилганда, ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС кўрсатиладими?

Агар кўрсатилаётган хизматлар қонун ҳужжатлари асосида ҚҚСдан озод қилинган бўлса, расмийлаштириладиган ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС кўрсатилмайди.

17. Ҳисобварақ-фактураларни электрон тарзда киритганда, ушбу электрон ҳисобварақ-фактуралар корхонанинг ҚҚС ҳисоботи 7 ва 8 иловаларига автоматик тарзда бириктириладими?

Расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида ҚҚС ҳисоб-китоби 7-8 иловаларини автоматик тарзда шаклланишини таъминлаш юзасидан бугунги кунда тегишли ишлар олиб борилмоқда.

18. Қурилиш корхонаси соддалаштирилган тартибда ягона солиқ тўловчиси ҳисобланиб, марказлашган маблағлар ҳисобидан қурилишни амалга оширса, ҚҚС тўлайдими?

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар Солиқ кодексининг 349-моддасига асосан, қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда, танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади.

19. ҚҚС бўйича Солиқ кодексининг қайси моддаларида имтиёзлар мавжуд?

Солиқ кодексининг 208-211-моддаларида ҚҚС бўйича солиқ имтиёзлари белгиланган.

20. Корхона импорт қилинган товарлари учун божхонада тўлланган ҚҚС йиллик солиқ ҳисоботида ҳисобга олинадими?

Солиқ кодексининг 218-моддасига асосан, импорт қилинган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви жараёнида бюджетга тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

21. Экспорт қилинган товарлар учун ҚҚС дан имтиёз борми?

Солиқ кодексининг 212-моддасида асосан, товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш оборотига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солиниши белгиланган.

22. Ўзбекистон Республикаси резиденти Ўзбекистон Республикаси норезидентига транспорт хизмати кўрсатганда ҚҚС қандай тартибда ҳисобланади?

Солиқ кодексининг 216-моддасига асосан халқаро йўналишда ташиш хизматларига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади.

23. Корхона импорт асосида дори воситаларини олиб келади, божхона тўловларида ҚҚС имтиёзидан фойдаланади, шунда қандай тартибда тўланган ҚҚС ҳисобга олинади?

Солиқ кодексининг 218-моддасига асосан, импорт қилинган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви жараёнида бюджетга тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар импорт қилинган товарлар бўйича солиқни бюджетга тўлашдан озод этиш тарзида бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан имтиёз берилган бўлса ҳам қўшилган ҚҚС ҳисобга олинади. Агар реализация қилиш оборотлари Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан ҚҚСдан озод қилинган бўлса, божхона тўловлари бўйича мақсадли имтиёзлар белгиланган бўлса ҳам ҚҚС ҳисобга олинмайди.

24. Ягона ер солиғи тўловчиси бўлган фермер хўжалиги ўзига тегишли бўлган транспорт воситалари ёрдамида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатган техника хизматлари бўйича ҚҚС тўлаши керакми?

Солиқ кодексининг 363-моддасига асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолият турларини амалга оширишда ягона ер солиғи тўловчи мазкур фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ягона солиқ тўловини ёки қатъий белгиланган солиқ тўланиши назарда тутилган фаолият доирасида қатъий белгиланган солиқни тўлаши шартлиги белгиланган. Қўшилган қиймат солиғини тўлаш мажбурияти вужудга келмайди.

25. Корхона алкоголь маҳсулотларни улгуржи савдоси билан шуғулланади, корхона маҳсулотларни сотганда қайси қийматидан ҚҚС ҳисоблайди?

ҚҚС реализация қилинаётган товарларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, яъни Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан, сотиш қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.