Ўзбекистон фуқаролиги қандай тартибда олинади?
Хўш, умуман, Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун қандай ҳужжатлар топширилади?
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу қонунга биноан келиб чиқиши, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъиназар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:
Чет эл фуқаролигидан воз кечиш;• Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаганлик;• қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;• Ўзбекистон республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:• Президент номига илтимоснома;• 2 нусхада сўровнома-ариза;• чет эл фуқаролигидан чиққанлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролиги йўқ шахслардан ташқари);• таржимаи хол;• қонуний яшаш манбаи ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжат (иш жойидан ўртача иш хақи ҳақидаги ёки унинг ўрнини босадиган нафақа, ёрдам пули, дивидентлар ва бошқа яшаш манбаи ҳақидаги маълумотнома);• давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция;• 4 дона «3.5-4.5» ўлчамдаги фотосурат;• туғилганлик ҳақида гувоҳнома;• никоҳ тузилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;• меҳнат дафтарчасидан нусха;• уй дафтарчасидан нусха;• сўров анкетасининг 20-бандида ўзи билан бирга вояга етмаган фарзандларини фуқароликка қабул қилишни сўраса, уларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидан нусха ҳамда 14-18 ёшгача бўлган фарзандларининг нотариал тасдиқланган розилик хати.
Аризачи юқорида кўрсатилган барча ҳужжатларни топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади. Ҳужжатлар тўпламини қабул қилган ички ишлар органи уни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига юборади.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши тўғрилигини текшириб, ушбу масалалар юзасидан 2 нусхада ҳужжатлар йиғма жилдини юритади ва давлат хавфсизлик тегишли органларининг фикрини сўрайди ҳамда материаллар ва хулосаларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар.
Ташқи ишлар вазирлиги ўз хулосасини Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги материаллар билан биргаликда президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга ва республиканинг тегишли ваколатли органлари (ДХХ ва ИИВ)га юборади. Мазкур ваколатли органлар президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга фақат ўз хулосаларини юбориб, ҳужжатларни эса Ички ишлар вазирлигига қайтаради.
Ваколатли органларнинг ҳар бирида фуқароликка оид материалларни кўриб чиқиш муддати бир ойдан, умумий муддати эса — фуқаролик масалалари бўйича ҳужжатлар очилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.
Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссия ҳужжатларни кўриб чиқади ва президент қарор қабул қилиши учун таклифлар тақдим этади. Фуқароликда ўзгариш президент Фармони эълон қилинган кундан бошлаб юзага келади.
Эслатиб ўтамиз, собиқ иттифоқ (СССР) парчалангач, унинг ҳудудида бир нечта мустақил давлатлар пайдо бўлгач, уларнинг ҳудудларида «фуқаролиги йўқ шахс»лар пайдо бўлди. Бир кун ичида бир давлат фуқаролари, бир неча ўн йиллар мобайнида қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб келган аҳоли чегаранинг икки томонида қолди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг барча чегарадош ҳудудларида ҳам кузатилди. Асли ўзбекистонликлар Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда қолишган бўлса, ушбу республикаларда туғилиб, Ўзбекистонга келган, аммо кетишга қарор қила олмаганлар Ўзбекистонда қолиб кетишди. Айни шулар «фуқаролиги йўқ шахс»га айланишди.