Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонунда қайд этилади
Ҳужжат матни муҳокама учун жойлаштирилган. Муҳокама 2019 йил 7 февралгача давом этади.
Norma’нинг ёзишича, қонун лойиҳаси 37 моддадан иборат бўлиб, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (ФБШ) мамлакатимизда бўлишига оид қуйидаги асосий қоидаларни тартибга солади: а) ҳуқуқ ва эркинликлари: дахлсизлик ҳуқуқи, ҳаракатланиш эркинлиги, меҳнат фаолияти ва дам олиш, ижтимоий ва пенсия таъминоти, таълим олиш, инвестиция ва тадбиркорлик фаолияти, имтиёзли солиқ солиш (юқори малакали мутахассислар учун) ва б. Эслатиб ўтамиз, президентнинг 7.11.2018 йилдаги ПҚ–4008-сон қарори билан чет эл фуқаролари, ш.ж. малакали мутахассислар учун қатор преференциялар: ЖШДСнинг имтиёзли ставкаси – белгиланган ставканинг 50%и; муайян шароитда рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда исталган лавозимда ишлаш ҳуқуқи ва б. назарда тутилган; б) чет эл фуқаролари ва ФБШнинг келишлари, кетишлари, мамлакатимиз ҳудуди орқали транзит ўтишлари, сиёсий бошпана бериш тартиби. Маълумот учун. Ушбу масалалар ҳозир қуйидаги ҳужжатларда ўз аксини топган:
• Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартиби; • Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидалари; • Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтишлари қоидалари; • Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низом; в) республикада бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик, шу жумладан бўлиш муддатини қисқартириш, мамлакат ташқарисига чиқариб юбориш, яшаш гувоҳномаси ва доимий пропискани бекор қилиш асослари. Яшаш гувоҳномаси ва доимий прописка бекор қилинадиган ҳолатларнинг батафсил рўйхати келтирилди:
• чет эл фуқаролари 3 йилдан ортиқ муддат давомида узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш жойига қайтиб келмаган бўлсалар, уларнинг мамлакат ташқарисига вақтинча чиқиши;• вақтинча чиқиб кетган ФБШ йўл ҳужжатини узрли сабабларсиз алмаштирмаган ёки алмаштиришдан бош тортган бўлсалар, унинг амал қилиш муддати тугаши;• бекор қилиш тўғрисида шахсан мурожаат қилиши ёки бошқа шахснинг ишончнома асосида, шунингдек хориждаги тегишли органларнинг сўровига биноан мурожаат қилиши;• яшаш гувоҳномасини олиш чоғида ўзи ҳақида атайин ёлғон маълумотлар бериши ёки зарур ҳужжатларни тақдим этмаслиги (қалбакиларини тақдим этиши);• мамлакат ташқарисига чиқариб юборилиши;• суднинг ушбу ҳужжатларни бекор қилиш тўғрисидаги ёки шахсни бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори. Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.