Ўзбекистонда хорижда ишлаётган фуқароларга йиллик стажни сотиб олишлари мумкин
Биламизки, пенсия масаласида сўз борса, чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолида кўплаб саволлар туғилади.
Ҳақиқатан ҳам қишлоқ жойларда яшайдиган, фермер хўжалигида ёки ўзининг шахсий томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган аҳолининг пенсия билан таъминланиши масаласи баҳсларга сабаб бўлаётган эди, деб ёзади ЎзА.
Тўғри, бунда ечим сифатида бундай фаолият тури билан шуғулланганлар йилига ЭКИҲ 4,5 баробари миқдорида пул тўласа, бир йиллик стажга эга бўларди. Лекин, бу сумманинг қишлоқ аҳолиси учун кўпроқ экани ҳисобга олиниб, унинг фоизи туширилди. Яъни бир йиллик стаж олиш учун ЭКИҲ бир баробарини тўлаш етарли.
Бундай имтиёзга деҳқон хўжалиги аъзолари, шахсий томорқаси тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон, қорамол боқаётганлар, 50 тадан кам бўлмаган парранда парваришлаётганлар эга бўлади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ё.Турсуновнинг маълум қилишича, ҳозирда бундай имкониятдан фойдаланаётган фуқаролар сони беш минг нафардан ошган. Аслида мамлакатда бу тоифага кирадиган 5 миллион нафардан ортиқ фуқаро бор.
Йиғилишда 2,5 миллион нафар фуқаро хорижда меҳнат қилаётгани ҳолда мамлакатда меҳнат стажига эга эмаслиги қайд этилди. Уларнинг меҳнат билан даромад топаётгани, оиласига, ота-онасига пул ўтказмалари қилаётгани ҳисобга олиниб, уларга ҳам енгиллик яратилди.
Авваллари мигрантлар ЭКИҲ 12 баробари миқдорида маблағ тўлаб, бир йиллик иш стажига эга бўларди. Ўтган йилдан энди эса бу миқдор ЭКИҲ 4,5 баробарига туширилди. Тизимда интерактив хизматлар боис, бу маблағни тўлаш учун келиш шарт эмас. Тўловни пул ўтказмаси шаклида ҳам амалга ошириш мумкин. Аммо ҳозирда бундай ўтказмаларни амалга ошираётган фуқаролар сони жуда кам.