Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди
(last modified Sun, 27 Jan 2019 05:36:19 GMT )
Январ 27, 2019 10:36 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди
    Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 26 январь куни қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Мазкур қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлашга қаратилган йўналишини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкалари ижобийлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадларига асосланган», — дейилади банк ахборотида.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

2018 йил якунлари бўйича инфляция даражаси йиллик ҳисобда 14,3 фоизни ташкил этди. Бунда, 2018 йилнинг декабрь ойида нархларнинг ойлик ўсиши ўтган йилнинг мос даврига (4,1 фоиз) нисбатан пасайиб 2,1 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, 2018 йилнинг II—IV чораклари давомида чораклик инфляция даражасини 2017 йилнинг мос даврига нисбатан пасайиши кузатилди.

Айни пайтда, IV чоракда ички талабнинг юқори бўлиши, тартибга солинадиган нархларнинг ошиши ва алмашув курси динамикаси каби ҳам талаб ҳам харажат омиллари таъсирида иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолди.

Ноябрь ойида энергия ресурслар нархлари оширилишининг 2018 йилги инфляция даражасига иккиламчи таъсири прогноз қилинган кўрсаткичлардан паст даражада бўлди. Бу, ўз навбатида, 2019 йилда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ҳисобига инфляцияни тезлашишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, 2019 йилнинг январь ойидан нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришларга (асосан ҚҚС базасининг кенгайтирилиши) олдиндан мослашишиши амалга ошмади, бу бизнес вакилларида солиқ тизимидаги ўзгаришлар уларнинг молиявий фаолияти ва ишлаб чиқариш ҳаражатларига таъсири хусусида ноаниқликлар сақланиб турганлиги билан изоҳланади.

Прогнозлар ва асосий хатарлар

Марказий банк 2019 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини 13,5-15,5 фоиз даражасида сақлаб қолди. Прогнозларга кўра йиллик инфляция даражаси февраль март ойларида ўзининг энг юқори даражасига етганидан сўнг пасая бошлайди, бироқ июнь ойида электр энергияси ва табиий газ тарифларининг навбатдаги оширилиши инфляция пасайиши суръатини секинлаштириши мумкин.

 

Ёрлиқ