Даҳшат! Самарқандда аёл ўз эрини ўлдирди
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи аёл эрини шиша идиш билан уриб ўлдирганликда гумонланмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБсидан олинган маълумотга кўра, воқеа 26 январь куни Пахтачи туманининг “Жаҳонобод” маҳалласида рўй берган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси - Қасддан қотиллик банди бўйича айбланиб, ҳибсга олинган аёл тергов давомида эри 18 ёшли катта қизини мунтазам зўрлаб келганини даъво қилган.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозимининг айтишича, 27 январь куни 48 ёшли эркакнинг турли жойларига шиша идиш билан жароҳат етказилган жасади топилган.
- Тергов тадбири давомида ушбу жиноятни 26 январь соат 22.00 ларда Э.Ў.нинг турмуш ўртоғи, У.Ў. ўз уйида содир этгани маълум бўлди. У эрининг юзига шиша идиш билан уриб, тепиб жароҳат етказган. Ҳозир аёл қамоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, - деди Самарқанд ИИБси мулозими.
Қотиллик рўй берган хонадон қўшниларидан бири эр-хотин орасида доим жанжал бўлишини айтди.
- Нима десам сизга, ўта ҳароми одам эди. Ҳар куни ичиб келиб, хотини ва қизларига доим озор берар экан. Бу қотилликдан кейин, ҳар-хил гап сўзлар чиқди. Катта қизини зўрлаб келган экан. Ўша куни ичиб келиб, кичкина қизини зўрламоқчи бўлганида хотини кўриб қолиб, ўлдирган, - деди қотиллик рўй берган хонадон қўшниларидан бири.
Ўзбекистонда оилада жанжал оқибатида эр хотинини она фарзандларини, аёл эрини ўлдириб қўйгани холатлари учраб туради.
Ўтган йил Хоразмда ўз эрини ўлдириб, ҳовлисига кўмган аёл қўлга олинган эди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини, хотин эрини ўлдиргани билан боғлиқ етмишдан зиёд холат қайд этилган.
Шулардан 61 тасида эр хотинини, 10 тасида эса, хотин эрини ўлдирган.