Тошкентда Ўзбекистон ва Германия президентларининг музокаралари бўлиб ўтди
28 май куни Кўксарой қароргоҳида Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон пезиденти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тошкентга келган Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар кўриб чиқилди.
Кўксаройдаги учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашишда парламентлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Бу борада 23 май куни Тошкентда ўтказилган конституцион тизим ва парламентаризм бўйича Ўзбекистон ва Германия форуми ҳар жиҳатдан фойдали бўлгани қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини баҳолаб, уни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. 2018 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 770 миллион доллардан ошгани, жорий йил январдаги келишувлардан сўнг Германия компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Мамлакатлар халқаро тузилмалар доирасида ҳам яхши ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Германиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолигига интилишини қўллаб-қувватлайди.
Германия Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.