"Адолат" СДП Ўзбекистон Президентлиги сайловида иштирок этадиган ўз номзодини эълон қилди
2016 йил 17 cентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VI Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши, Марказий Тафтиш комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мамлакат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг муносиб иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан партия Сиёсий Кенгаши аъзолари фикр билдириб, Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканлигини қайд этишди. Ўз навбатида “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ўзида аҳоли манфаатларини ифода этиши, ҳамда бўлажак сайловлар партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беришини, шу боис, миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.Пленум иштирокчилари ушбу сайловда партия номзоди хусусидаги масалани ҳам атрофлича кўриб чиқдилар.
Мазкур масалада йиғилиш қатнашчилари, партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Нариман Маджитович Умаров номзодини партиянинг навбатдаги VIII Қурултойида кўрсатилишини қўллаб қувватладилар.