Ўзбекистон президенти Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
(last modified Thu, 14 Nov 2019 06:54:21 GMT )
ноябр 14, 2019 11:54 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти  Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Кеча Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг вазирлар даражасидаги конференцияси тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, учрашувда давлат раҳбари энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суришда Ўзбекистоннинг етакчи ва ишончли шериги бўлмиш ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланиш динамикасини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистонда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш сифати ва амалга ошириш суръати сезиларли даражада ортгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик мамлакат иқтисодиётининг барча устувор тармоқларини қамраб олган ҳолда амалга оширилган ва давом этаётган, умумий қиймати қарийб 8 миллиард долларлик 60 дан зиёд лойиҳани ўз ичига олади. Банкнинг 2019—2023 йилларда Ўзбекистон билан шерикликни кенгайтириш бўйича молиялаштириш ҳажми 5 миллиард доллардан ошадиган янги стратегияси қабул қилинди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳар томонлама кўриб чиқилди. Мамлакатда ирригация-дренаж ва автомобиль йўллари инфратузилмасини модернизация қилиш, жумладан, бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа масалаларга доир узоқ муддатли стратегик ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратилди.