Январ 06, 2020 16:16 Asia/Tashkent
  • Муфтий Усмонхон Самарқандий «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Бугун, 6 январ куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, мукофот муфтийга тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали фаолияти, узоқ йиллардан буён муборак ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик, олийжаноблик ғояларини кенг тарғиб қилиб келаётгани учун берилган.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.

Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаган. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда фаолият олиб бормоқда.

                                    Sof.uz

Ёрлиқ