Лондонда ўзбек адибининг китоби нашр этилди
(last modified Sun, 19 Jan 2020 09:34:54 GMT )
Январ 19, 2020 14:34 Asia/Tashkent
  • Лондонда ўзбек адибининг китоби нашр этилди

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида 17 январ куни ўзбек шеърияти ёрқин вакили Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг биринчи марта инглиз тилига таржима қилинган “Night and Day” (“Кеча ва кундуз”) романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Асарни АҚШнинг Мичиган университети славян тиллари ва адабиёти кафедраси маърузачиси Кристофер Форт инглиз тилига таржима қилган. У қарийб бир йил Ўзбекистонда яшаб ХХ асрдаги ўзбек адабиёти бўйича илмий-тадқиқот иши учун материаллар тўплаган ва ўзбек тилини ўрганган.

Таржимон Чўлпон асари илк саҳифаларидан ўз юмори ва жозибадорлиги билан уни ром этгани ва у дарҳол таржимага киришганини қайд этди. Бунда у ўз ишга илмий тадқиқот сингари ёндошди: бошида ўқувчига мазкур роман нима учун қизиқарли эканлиги ва ўзбек адабиётида алоҳида ўрин эгаллашини тушунтиради, кейин Чўлпон ҳаёти ва ижодининг ўзига хос жиҳатларини очиб беради, “Кеча ва кундуз” романининг яратилиш тарихи ва кейинги тақдири ҳақида ҳикоя қилади ва охирида атама ва тушунчаларининг изоҳли луғатини келтиради.

Асар 26 ноябрда Amazon онлайн дўконида сотувга қўйилган. Юмшоқ муқовалиси 26 доллардан, қаттиқ муқовалиси эса 90 доллардан сотилмоқда.

Кристофер Форт ўзбек классик адабиёти вакиллари ижодларини таржима қилишни давом эттиришини таъкидлади. Яқин вақт ичида Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасидан парчалар ҳамда Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссасини таржима қилишни режалаштирмоқда.