Фарғонада экстремизм тарафдорлари қўлга олинди
Ўзбекистоннинг ДХХ ташкилоти томонидан Фарғона ва Қўқон шаҳарларида терроризм тарафдорлари фаолиятига чек қўйилди.
Дарё сайтининг хабар қилишича, 2018 йил жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 244-бўлим 1-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган қўқонлик 23 ёшли Т.А.га инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди.
Лекин у бундан тўғри хулоса чиқармасдан Telegram мессенжерида диний экстремистик ва террористик ташкилотлар раҳнамоларининг жиҳодга, шаҳидликка чорловчи аудио, видео маърузаларини тинглаб, томоша қилади. Натижада Сурия давлатидаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштиради.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида унинг қабиҳ режасига чек қўйилди.
Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида яшовчи 21 ёшли Т.И. ота-онасининг огоҳлантиришларига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолди.
У Telegram мессенжерида гуруҳ очиб, экстремистик оқимлар раҳнамоларининг маърузаларини ҳамда «Туркистон ислом ҳаракати», «Катибат ут-Тавҳид ва Жиҳод» каби террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган, жиҳодга чорловчи материалларни жойлаштириб, ўз гуруҳи аъзолари сонини 45 нафарга етказди.