“Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони чоп этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бугун “Янги Ўзбекистон” газетасининг биринчи сони чоп этилди.
Саккиз саҳифали ушбу нашрнинг илк саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси жамоасига табриги эълон қилинган. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Улуғвор ва тарихий ўзгаришларнинг ўзига хос кўзгуси бўлиб майдонга чиқаётган газета юртимиздаги демократик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини ҳолис ва ҳаққоний ёритишга, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот маконида муносиб ўрин эгаллашига ишончим комил“.
Нашр “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш, халқимиз ҳамда халқаро жамоатчилик томонидан “Янги Ўзбекистон”, деб эътироф этилаётган мамлакатимиздаги бунёдкорлик ва янгиланишларнинг асл мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида холис хабарларни тезкор ва сифатли етказиш, юртимизнинг глобал ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш, нуфузини юксалтириш мақсадига хизмат қилади.
Sof.uz