Чироқчида одам ўлдиришда гумон қилинган ИИБ ходимлари қўлга олинди
(last modified Mon, 27 Jan 2020 06:55:43 GMT )
Январ 27, 2020 11:55 Asia/Tashkent
  • Чироқчида одам ўлдиришда гумон қилинган ИИБ ходимлари қўлга олинди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак 22 январь куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани, 23 январь куни эса ИИБдан унинг мурдаси чиққани ҳақида хабар берилганди.

Дарё сайтига кўра, марҳум яқинларидан Баҳодир Холиқовнинг айтишича, марҳум А.Ю. Лангар қишлоғида ўғирланаётган чорва моллари ўғирлигида гумон қилинган. Қариндошларнинг таъкидлашича, марҳум мол бозорида чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланган.

Марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмонов Лангар қишлоғига борган прокуратура вакиллари марҳумни ИИБ ходимлари уриб ўлдирганини маълум қилиб, 2 нафар ходим қўлга олинганини айтган.

Ўзбекистон Бош прокуратуранинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.

Тергов давомида жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.

 

Ёрлиқ