Ўзбекистон: нега янги ҳукуматда қиёфалар эски?
(last modified Mon, 27 Jan 2020 10:42:56 GMT )
Январ 27, 2020 15:42 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон: нега янги ҳукуматда қиёфалар эски?

Ўзбекистон ҳукумати таркибини парламент тасдиқлади. Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар ҳукуматда ҳам, парламентда ҳам эски қиёфалар қолганига эътибор қаратмоқдалар, ижтимоий тармоқларнинг муҳокама мавзусига ҳам айланди.

 

Ўзбекистон парламенти янги ҳукуматнинг тузилиши ва таркибини тасдиқлади.

Ўзбекистон бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар ва қўмиталар раҳбарлари ўзгармади.

Ижтимоий тармоқларда ҳукуматдаги соҳаларни бошқарадиган мажмуалар раҳбарлари - Бош вазирнинг янги ўринбосарлари лавозимлари жорий этилаётгани, бошқарув раҳбарлари сони кўпайиб кетаётгани мавзулари қизғин муҳокама қилина бошлади.

"Ўзбекистон Ҳукуматининг тасдиқланган таркиби ҳозирча: бош вазир, унинг тўртта ўринбосари, 22 вазир ва 10 қўмита раиси. Жами 37 та.

Бу ҳисобга ҳали Президентга бўйсунувчи ДХХ, АОКА, ўзини вазирлик ҳисобловчи агентлик, уюшма кабилар кирмаган.

"Янги Ўзбекистонга маъмурий ислоҳот жудаям керак", деб ёзди таниқли блоггер bakiroo.

Чиндан ҳам Президент Мирзиёев давлат бюджетини тўлдириш муҳимлигини ҳар чиқишида урғулаб турган бир вақтда мамлакатда бюрократик аппаратга ғазнадан катта маблағ сарфлаб юборилмаяптими?

Ўзбекистондаги "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик Палатаси депутати Акмал Бурҳоновнинг Би-би-сига айтишича, Қонунчилик Палатасига олдинги чақириқ депутатларидан атиги 39 нафари қайта сайланган, 111 нафари янги депутатлардир.

Президент фармонига биноан, ҳукумат таркибида ходимлар сони камайган: 2020 йил январигача ҳукумат бошқарув аппаратидаги ходимларнинг сони 255 нафардан 241 га туширилган.

"Бундан ташқари бешта котибият қисқартирилаяпти. Яъни, бекор қилиниб, ўрнига янги тузилмалар ташкил қилиняпти", деди Акмал Бурҳонов.

"Ҳукумат аъзолари 90 фоиз алмашмаган. Лекин бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, Президентимиз ҳар бир маърузаларида таъкидлайдилар: "ёш кадрларни олиб келамиз раҳбариятга", давлат бошқарувига ёш кадрлар муҳим, деб. Айниқса, чет элда, хорижда ўқиганларни олиб келиш муҳимлигини айтиб ўтдилар. Ва яна бир нарсани айтиб ўтдиларки, биз бугун бўлса бугун вазирларни алмаштиришга тайёрмиз, лекин унинг ўрнига тажрибаси билан тайёр кадрлар борми, деган савол билан масала ҳам қўйилди-да", деди "Юксалиш" ҳаракати раҳбари.

"Ижобий томони - бугун деярли барча вазирликларга ёш вазир ўринбосарлари келди. Ёши 40 ёшгача бўлган вазир ўринбосарлари деярли барча вазирликларда бор. Бу ҳам эртага, яқин орада мана шу вазир ўринбосарлари етарли тажрибани олганидан кейин вазир даражасига ҳам чиқишади", дейди Акмал Бурҳонов.

"Президент Мирзиёевнинг энг катта муаммоси - кадрлар", дейди қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Атаева.

"Президент Мирзиёев кадрлар сиёсатини ўзининг командасини ташкил қилиш мақсадида юритмоқда. У ҳокимият тепасига келганида ўзининг жамоасига эга эмас эди. Биз яхши эслаймиз - марҳум Ислом Каримов ўз командасини узоқ йиллар давомида шакллантирганди. Биз буни тан олишни истаймизми-йўқми, факт шуки, Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Каримов командасидан чиққан. Шунинг учун ҳам образли қилиб айтсак, Мирзиёевнинг оёқларига гиря тошлари боғланган ва шунинг учун ҳам у ҳокимият тизимини радикал ўзгартириши мумкин бўлган қарорларни қабул қилолмайди", дейди Надежда Атаева.

Аксар кузатувчилар фикрича, Президент Мирзиёев кадр танлашда шахсий садоқатга алоҳида урғу беради, унинг ўзи ҳам буни ҳукумат мажлисларида бир неча марта айтган.

Президент бош вазирликка яна Абдулла Арипов номзодини парламентга тақдим этар экан, "у кўп оғир туҳматларга қолган, лекин синган эмас", деб айтган.

"14 йил бош вазир бўлган одам ва уч марта ушбу лавозимга қайта тайинланган шахс сифатида бош вазирнинг юрагидан қандай ҳислар ўтаяпти, биламан. Абдулла Ниғматовични 20 йилдан буён биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бирга ишлаганмиз. Ҳаётда кўп оғир туҳматларга қолган, лекин шуларни жасорат [билан енгиб], ҳеч қачон синган эмас. Мен шу лавозимга (муваққат президентлик — таҳр.) вақтинча бўлганимда ҳам бош вазир ўринбосари қилиб, Абдулла Ариповни адолат юзасидан қайтарганим, бежиз эмас", дея Президент Мирзиёевдан иқтибос келтирди Газета.уз.

24 январ куни парламентга мурожаатида Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

"Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди. Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади", деди Ўзбекистон раҳбари.

BBC

Ёрлиқ