Коронавирус балоси ҳали яна авжига чиқадими? Хитой ва Ўзбекистон нима қилади?
(last modified Wed, 12 Feb 2020 11:43:16 GMT )
феврал 12, 2020 16:43 Asia/Tashkent
  • Коронавирус балоси ҳали яна авжига чиқадими? Хитой ва Ўзбекистон нима қилади?

Коронавирус тарқалиши тўхтаётгани йўқ. Уни юқтирганлар сони 43 мингдан ошди. Вирусдан 1100 нафардан кўпроқ одам нобуд бўлди.

Вирусдан ўлиш ҳоллари ўртача 2% ёки ҳар элликтадан битта одам ҳалок бўлади.

Рақамларга қараганда, Хитойда янги ҳолатлар қайд этилиши анча паст.

Аммо мутахассислар вирус ҳали авжига чиқиб улгурмаганини айтишмоқда.

Одатда, авжига чиққанидан кейин, юқиш ҳоллари пасайиши кутилади.

Олимлар унга қарши зидди заҳар ёки вакцина яратишмоқда.

Бироқ вирус ҳали тўлиқ ва буткул англаб етилмагани ҳам айтилади.

Ўзбекистон вирусга қарши курашга тайёрми ва ўзбеклар у ҳақида нима билишади? Видео лавҳамиз:

 

Янги ном: Covid-19

Вирус янги ном олди.

Шу пайтгача уни тожли вирус маъносида коронавирус деб атаб келишганди.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти Covid-19 номини бераркан, айни вирусни бир давлатга, халққа ёки жониворларга боғламасликка интилишмоқда.

Сабаби - вирус ҳақида дунёда турли миш-миш ва фитна назариялари тарқаб кетди.

Россия телеканалида эса бу вирусни АҚШ яратгани деган фикрлар ҳам янгради.

Европада эса хитойликларга нисбатан ирқчилик кайфиятлари ҳамда ҳужумлар кузатилмоқда.

Ўзбекистонда вирус асоссиз равишда бананга боғлангач, мева нархи тушиб кетган.

 

Қудратли давлатни фалажлаган вирус

Ўзбекистон юзлаб фуқароларини Хитойдан олиб келди.

Хитой кўчалари бўм-бўш, сайёҳлик касодга учрамоқда, савдо ва иқтисод зарар кўрмоқда.

Кўринмас вирус дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди бўлмиш Хитойни гўё фалажлаб ташлагандек.

Қатор давлатлар Хитойга ёрдам беришмоқда.

Ўзбекистон ҳам махсус учоқда Хитойга ёрдам ҳам жўнатган.

Айни пайтда, вирус бошқа давлатларга ҳам таъсир эта бошлади.

Дунёда нефть нархи 20% тушиб кетди.

Ниссан ширкатининг Япониядаги корхонаси Хитойдан келадиган эҳтиёт қисмлари етишмаслиги учун тўхтатилди.

Британияда оилавий поликлиника бир бемор аниқлангач, вақтинча ёпилди.

Африка давлатлари вирус кириб келса, нима қиламиз деб тайёрланишмоқда.

Ўзбекистон ҳали Хитой билан савдо сотиқни тўхтатмаган ва бозор нархларида катта таъсир қилмаган.

Хабарларга кўра, айрим жойларда коронавирусга тайёргарлик ва қандай йўл тутиш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.

Ёрлиқ