Камолиддин Рабимов
Ислом Каримовнинг амалга ошмаган режалари
Беш йил олдин БиБиСи ва Америка овози радиоларидаги суҳбатларда “Ўзбекистондаги сиёсий тизимнинг табиати, Каримовдан кейин ким келишига ва асосийси, қандай келишига боғлиқ” деган эдим.
Каримовнинг ҳокимият алмашинуви борасидаги режалари, табиийки, мутлақ бошқача эди. Агар у тирик бўлганида, навбатдаги Президентлик сайловлари шу йили, яъни, 2020 йилнинг март ойида – келаси ойда бўлиши керак эди. Бу пайтда, унинг ёши 82 да бўларди. Агар у тирик бўлганида, шу пайтгача ўзининг ўриндоши борасида аниқ режалар қилган бўлар эди. Лекин, Аллоҳнинг иродаси – ҳаммаси бошқача бўлди.
Ўйлайманки, агар Каримов тўсатдан ўлмаганида ўзидан кейин шахс эмас, команда қолдирар эди. Яъни, ҳеч кимда Каримов белгилаган курсдан оғишув имконияти бўлмас эди. 2020 йилга қадар у Гулнора Каримовани “жазолаб, оқлаб, реабилитация қилишга” улгурган бўлар эди. Ўзига кимни ўриндош сифатида танлаган бўлмасин, ўша танланган шахс атрофида кўпчиликдан иборат командани ҳар хил мансабларга тайинлаб, янги Президентни эркин ҳаракатланиш ва режим табиатини ўзгартириш имкониятларини мутлақ заифлаштириб ташлаган бўлар эди.
Айтайлик, у ўзига ўриндош сифатида Мирзиёевни танлади ёки Азимовни. Лекин, Гулнора Каримовага катта давлат лавозими берар, ва унинг қудратини алоҳида кучайтирган бўларди. Каримов тирик бўлганида бугун Назарбоев қилаётган ишларни анча кўпол кўринишда, қаттиқ оҳангларда қилиш эҳтимоли юқори эди.
Янги Президентни тийиб туриш учун куч ишлатар тизимларини олдингидан кўра янада кучайтирган бўларди. Агар Каримов тирик бўлиб, Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви унинг назоратида кечганида эди, бугунги қилинган ишларни, асосийси, эълон қилинган ислоҳотлар сиёсатидан ном-нишон ҳам бўлмасди. Каримовнинг тўсатдан оламдан ўтиши – янги ҳокимиятга ҳаракатланиш эркинлигини берди.
Лекин, шундай бўлсада, бугунги янги ҳокимият ҳам катта босим остида. Чунки, янги Президент ҳам эски команданинг босимини жуда яхши ҳис қилиб турибди.
Умуман, янги ҳокимият ички сиёсатда икки томонлама босим остида. Жамият ислоҳотларни жадаллаштиришни, уни ҳеч қандай шартларсиз, тезлаштиришни, самарасини тезроқ кўришни истайди. Қудратли амалдорлар эса, эски консенсусни – куч ишлатиш, репрессиялар орқали вазиятни назорат қилишни ягона тўғри йўл деб ҳисоблайди. Президент эса, бир вақтнинг ўзида икки томон билан ҳам муроса қилишга, ўртада мувозанат топишга, демакки, икки томонни ҳам қисман норози қилишга мажбур.