Ўзбекистон давлати бугундан бошлаб, Франция, Италия ва Британия билан авиақатновларни тўхтатади
(last modified Sat, 14 Mar 2020 06:29:14 GMT )
март 14, 2020 11:29 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон давлати бугундан бошлаб,  Франция, Италия ва Британия билан авиақатновларни тўхтатади

Ўзбекистон 14 мартдан Франция, Испания ва Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатади.

Дарё сайтига кўра, 14 мартдан бошлаб, Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон, Франция ва Испания фуқароларининг ҳамда ушбу мамлакатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириши вақтинча чекланади.

Шунингдек, 14 мартдан бошлаб чегара ўтказиш пунктлари орқали сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларга ташриф буюрган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳам Ўзбекистонга кириши вақтинча чекланади.

Маълум қилинишича, жорий этилаётган чекловлар дипломатик ва хизмат паспорти эгаларига қўлланилмайди. Шунингдек, чекловлар санаб ўтилган олти давлатнинг фуқаролари ҳамда шу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга, агар улар Ўзбекистонга ташриф буюрганга қадар 14 кун давомида ушбу мамлакатларга ташриф буюрмаган бўлса, қўлланилмайди.

Зарурат туғилган тақдирда, санаб ўтилган давлатлардан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиши мумкин.

Бундан ташқари, вазирлик ва идораларга коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар раҳбарлар ва ходимларга чет эл сафарларини имкон қадар чеклаш тавсия қилинган

Юқорида санаб ўтилган давлатлардан чартер рейслар билан Ўзбекистонга олиб келинадиган фуқаролар Тошкент вилояти ҳудудидаги белгиланган тиббий муассасаларга 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Шунингдек, республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари вақтинча тўхтатилади. Маҳаллий даражада режалаштирилган оммавий тадбирларни қисқартириш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус тарқалган 14 давлатдан келган фуқароларни карантинга олиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.