Ӯзбекистон фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқиш тартиби очиқланди
Ўзбекистон фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқиш тартиби белгиланади
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси тўғрисидаги Низом тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига қўшимча 16 та штат бирликлари ажратилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари юзасидан ариза ва илтимосномалар:
а) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахс томонидан – ҳудудий ички ишлар органига;
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшовчи шахс томонидан – Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари ёки консуллик муассасаларига топширилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш ҳақидаги илтимоснома шахснинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча қайддан ўтган ҳудудий ички ишлар органига топширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, тиклаш ва ундан чиқиш ҳақидаги илтимоснома ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш ҳақида ариза икки нусхада тўлдирилади.
Ариза ёки илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар икки нусхада тақдим этилади, уларнинг бир нусхаси ҳудудий ички ишлар органида ҳужжат қабул қилинган вақтдан бошлаб йўқ қилингунга қадар сақланади.
Ариза, илтимоснома ва сўровнома қўлда ёки техник воситаларни қўллаган ҳолда тўлдирилади. Уларни тўлдиришда қисқартирма ёки аббревиатура қўллашга йўл қўйилмайди.
Сўровномадаги жавоблар тўлиқ ёритилган, ҳужжатлар матни тушунарли ва тузатишларсиз бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари юзасидан мурожаат этган шахс ўз шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этиши лозим.
Шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжати хизмат ёки иш фаолияти юзасидан берилган бўлса, шунингдек дипломатик паспорт тақдим этган шахслардан ариза ва илтимосномалар қабул қилинмайди.
Шахснинг биографик маълумотлари (туғилган санаси ёхуд фамилия, исми ёки шарифи) ўзгарган тақдирда, буни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.
Ота-онаси ёки улардан бирининг фуқаролиги ўзгарганда уларнинг илтимосномасига кўра, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган боланинг фуқаролиги фақат унинг ёзма розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
Бола имзосининг ҳақиқийлиги “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ ёки консуллик муассасаси масъул ходимининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.
Ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, тиклаш ёки ундан чиқиш учун мурожаат қилган ариза берувчи ўз илтимосномасида боласини кўрсатиб ўтган тақдирда, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонуннинг 32-36 моддалари талаблари билан таништирилади.
Ариза берувчи томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, паспорт ва (ёки) яшаш гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нусхаси тақдим этилади.
Масъул ходим томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхалари асли билан солиштирилиб ички ишлар органи ёки консуллик муассасасининг муҳри билан тасдиқланади, ҳужжатларнинг асли ариза берувчига қайтариб берилади.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар давлат тилида тузилади.
Давлат тилида бўлмаган ҳужжатлар давлат тилига таржима қилиниши лозим. Таржиманинг тўғрилиги ёки таржимон имзосининг ҳақиқийлиги “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида тасдиқланади. Ариза берувчининг илтимосига биноан расмийлаштирилаётган ҳужжат матни рус тилида бўлиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, хориждаги ваколатли органлар томонидан берилган ҳужжатлар, уларни Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий ҳисоблаш учун легаллаштирилган бўлиши лозим.
Агар ҳужжатларда апостиль белгиси мавжуд бўлса, уларни легаллаштириш талаб этилмайди.
Ариза ёки илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиб, ариза берувчи томонидан тақдим этилган пайтдан эътиборан кўриб чиқиш учун қабул қилинган деб ҳисобланади.
Узрли сабаблар мавжуд бўлганда нотариал тартибда тасдиқланган ариза ишончли шахслар орқали берилиши мумкин.
Ариза ёки илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганлиги, ариза берувчи томонидан шак-шубҳасиз ёлғон маълумот, ҳақиқий бўлмаган ва сохта ҳужжатлар тақдим этилиши, ариза ва илтимосномаларни қабул қилмаслик учун асос ҳисобланади.
Ариза берувчи томонидан сохта ҳужжатлар тақдим қилганлиги ҳолати аниқланганида, қонуний қарор қабул қилиш учун тергов органига юборилади.